Click to listen highlighted text!

ҲАМИША ЮЗИДА НУР, КЎЗИДА МЕҲР БАЛҚИБ ТУРАДИ

Президентимиз ўз чиқишларидан бирида туман ҳокими лавозимига аёллардан номзод қидираётганини айтиб, «Қаерда аёл бўлса, ўша ерда коррупция камроқ, ўша ерда халқ билан мулоқот кўпроқ бўлади», деган эди. Орадан бир ой ўтар-ўтмас, Дилфуза Ўролова Боёвут туманига раҳбар этиб тайинланди ва илк аёл ҳоким сифатида элга танилди.
Мана, салкам икки йилдирки, у тумандаги бунёдкорлик ишларига бош-қош. Энг муҳими, аёл раҳбар муаммоларни чуқурроқ билиши, фидойилиги, масъулиятни теран ҳис этиши, меҳнатсеварлиги билан барчага ўрнак бўлиши мумкинлигини исботлаб келмоқда.
Асли мирзаободлик бўлган бу «ҳоким опа» меҳнат фаолиятини қишлоқ мактабида ўқитувчиликдан бошлаган. Ўша кезларда ҳам ижтимоий масалаларга вақт ажрата олган. Раҳбарлик лавозимларига тайинланганидан кейин эса бундай ишлар унинг асосий вазифасига айланди.
Дилфуза опа айни пайтда ҳам оналик, ҳам уй бекаси, ҳам сенатор, ҳам раҳбар вазифаларини садоқат билан адо этиб келаётир. Шу боис унинг меҳнатлари кетма-кет эътироф этилмоқда. Жумладан, у «Ўзбегим аёли – 2021» миллий мукофотига лойиқ кўрилди. Яқинда эса Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташкил этган рес¬публика танловининг «Энг яхши сектор раҳбари» номинацияси совриндори бўлди. Шунга кўра, Президент совғаси – «Спарк» автомобили билан мукофотланди.
Дилфуза Ўролова деҳқон билан деҳқончасига, зиёли билан зиёличасига мулоқотга киришади. Бундан ташқари, унинг кўрсатмасига мувофиқ, туман аҳолисига сектор ишчи гуруҳи таркибига кирувчи ташкилот-корхоналар билан боғланиш мумкин бўлган телефон рақамлари мавжуд буклетлар тарқатилган. Бу турли муаммо ва тушунмовчиликларни тез ҳал этишга хизмат қилмоқда.
– Аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш учун, аввало, уларни кафолатланган даромад билан таъминлашимиз керак. ¬Сўнгра дам олиш масканлари, хиёбон ва маданият марказлари сонини кўпайтиришимиз лозим, – деган эди Дилфуза опа илк мулоқотларининг бирида.
Зеро, Боёвут республикада муҳим аҳамиятга эга йирик туманлардан бири ¬ҳисобланади. Ҳудудда 2020-2021 йилларда иккита йирик ишлаб чиқариш корхонаси қурилиши бошланди. Биттаси – «Стелла мода» МЧЖнинг тикувчилик фабрикаси ўтган йили октябрь ойида фойдаланишга топширилди. Унда ишлаш учун 515 нафар хотин-қиз жалб этилди. «Боёвут техно ¬кластер» МЧЖ ўзи етиштирган пахтани қайта ишлаб, ип калава тайёрлашни йўлга қўйиши натижасида 800 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Ўтган давр мобайнида туман марказининг архитектуравий кўриниши тубдан ўзгарди. Хотира майдони тўлиқ таъмирлангач, унга «Бахтли оила – нурли келажак» номи берилди. Туман равнақига катта ҳисса қўшган давлат арбоби Усмон Юсупов шарафига барпо этилган майдон ҳам ўзига хос зиёратгоҳга айлантирилди.
Қарапчи даҳасида эса 12 та ёш оилага, 20 нафар ижтимоий аҳволи оғир аёлга, 30 нафар меҳнат мигрантига, 58 та муҳтож оилага мўлжалланган бешта тўрт қаватли уй-жой қад ростлади.
Бундай хайрли ишлар айни дамларда ҳам жадал давом эттириляпти. Масалан, «Аёллар дафтари»га жорий йилнинг иккинчи ярмида тоифалар бўйича жами 1565 нафар хотин-қиз киритилган эди. Ҳозирга қадар уларнинг муаммолари ижобий ҳал этилди.
Албатта, бутун бошли туманга раҳбарлик қилиш аёл киши учун осон эмас. Лекин ўзига ишончи мустаҳкам ва ишни оқилона ташкил эта олган одам борки, бунинг уддасидан чиқа олади. Шу жиҳатдан қараганда, Дилфуза опадан кўп нарсани ўрганиш мумкин, У ўз вазифасига ҳамиша юксак масъулият билан ёндашади. Атрофидагилар уни ҳеч қачон чарчаган ёки асабийлашган ҳолатда кўришмайди. Доимо юзида нур, кўзида меҳр балқиб туради. Ҳар куни айрим қишлоқ ва маҳаллаларга бориб, уларда мавжуд муаммолар билан танишишга ҳам, нуроний кексалар суҳбатини олишга ҳам, муҳтожлар ҳол-аҳволидан хабар олишу азадорларга ҳамдардлик билдиришга ҳам, дала ишлари қандай бораётганини кузатишга ҳам улгуради. Кўпинча бошига рўмол танғиб, оёғига этик кийиб юради. Туманда ўтказилаётган турли тадбирларда фаол иштирок этади.
Дилфуза Ўролова касаба уюшмаси таклиф ва ташаббусларига доимо хайрихоҳлик билан қараб, уларни қўллаб-қувватлаб келган. Чунончи, шу йил бошида у туман ободонлаштириш бошқармаси бошланғич касаба уюшмасининг жамоа шартномаси муҳокамасига бағишланган йиғилишида ҳоким сифатида қатнашди. Мажлисда ходимлар учун қулай меҳнат шароитлари яратилиши, бошқарма учун янги бино қуриб берилиши юзасидан таклифлар билдирилди. Бу юмушни ҳокимият ўз зиммасига олди.
Биз тумандаги ўзгаришлар билан танишаётиб, самимий ва омилкор инсон етакчилик қилган жойда ишлар бароридан келишига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Ўз навбатида, аёл ҳоким Дилфуза Ўролованинг келгуси фаолиятида ҳам омадлар тиладик.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«ISHONCH»

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!