Click to listen highlighted text!

ҚАЛБЛАРГА ЭЗГУЛИК, РЎЗҒОРГА ДАРОМАД ИНДИ

Кимлар учундир арзимаган маблағ бошқа инсон учун ҳаётга умид бахш этиши, янги мазмун бағишлаши мумкинлигини шу ташкилотда ишлаб тушундим. Касаба уюшмаси деганда, аввало, инсон манфаати, унинг турмуши учун эзгулик улашувчи ташкилот тасаввури пайдо бўлади.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига биноан хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича Республика ишчи гуруҳи жойларда учрашувлар олиб бориб, таклифлар асосида дастур қабул қилган эди. Натижада кўплаб аёлларга пишириш печи, тикув машинаси, газ баллони ва плитаси совға қилинди. Улуғ ва азиз байрамимиз арафасида хайрли ташаббус давом эттирилмоқда. Сирдарё туманилик 12 нафар хотин-қизга тухфалар топширилди.
Улар орасида туманнинг Бахмал МФЙда истиқомат қилувчи Рисолат Аккулова ҳам бор. 3 нафар вояга етмаган фарзанди тарбияси билан шуғулланиш билан бирга рўзғор ташвиши билан боши қотган. Сабаби турмуш ўртоғига хавфли касаллик ташхиси қўйилганидан буён меҳнат қилиш қобилияти камайиб бормоқда. Даромади мавсумий ишлардан бўлган оила қийинчилик арафасига келиб қолди. Шу фурсатда ишчи гуруҳнинг хабар олиши, гулдай ҳунар билан оиладан узоқлашмай даромад топиши ҳақидаги маслаҳатларидан кўнгли кўтарилди.
“Фаровон” МФЙлик Муаттар Зокирова II гуруҳ ногирони ҳолида 4 нафар фарзанди тарбияси билан машғул. Тўғри, дилбандлари улғайиб, рўзғор ишларига қарашиб қолган. Лекин боқувчиси йўқ бўлган катта оилани кам-кўстсиз қилишнинг ўзи бўлмайди. “Сизлар олиб берган печда ҳам рўзғоримиз учун, ҳам даромад топиш учун овқат тайёрлаймиз”, дейишганда яхшиликларга ёндош бўлган ташкилотда ишлаётганимдан мамнун бўлиб кетдим.

Шавкат ЖАББОРОВ,
Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси
Республика кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича
масъул ташкилотчиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!