Click to listen highlighted text!

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР

Хабарингиз бор, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида «Менинг Президентим» ижодий ишлар танловини ўтказиш бўйича қўшма қарор қабул қилинган эди.
Ёшларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ривожланиш жараёнлари ва келажакка дахлдорлик ҳиссини шакллантириш мақсадида ташкил этилган танловнинг биринчи босқичида 9 894 та умумтаълим мактабидан 591 927 нафар ўқувчи қатнашиб, ғолиб бўлган 9 872 нафар иштирокчи туман (шаҳар) босқичига йўлланма олди. Ушбу босқич натижаларига кўра, 207 нафар ўқувчи ҳудудий босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Айни пайтда танловнинг ҳудудий босқичи беллашувлари қизғин руҳда ўтмоқда. Иштирокчилар «Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар» мавзусида тақдимот тайёрлаб, билимларини намойиш этишяпти.

Ислоҳот одимлари – ўқувчилар нигоҳида

Гулистон шаҳридаги информатика ва ахборот технологияларига ихтисослашган мактаб-интернатда «Менинг Президентим» ижодий танловининг ҳудудий босқичига якун ясалди. Унда танловнинг қуйи босқич ғолиблари бўлган 11 нафар ўқувчи ­қатнашди.
Тадбир аввалида давлат мадҳияси янгради. Шундан сўнг ташкилотчилар ҳудудий босқич шартлари тўғрисида яна бир бор тушунтириш бериб, барчага омад тилади.
Иштирокчилар дастлаб «Менинг Президентим» мавзусида компьютер дастурида тақдимот тайёрлаб, 15 дақиқа давомида шарҳлашди.
Мирзаободлик Рухшона Қўзиева давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ишларга ўзининг муносабатини ижодкорона ифода этди. Шарҳлар асноси шеърий парчалар ҳам ўқилди.
Сирдарё туманилик Нафиса Комилова сўнгги 5 йилда амалга оширилган ислоҳотлар, уларнинг аксари яшаб турган ҳудудида бошланиб, Сирдарё тажрибаси амалга оширилганига эътибор қаратди. Шунингдек, IT соҳаси йўналишидаги таклифларини айтди.
– Туман-шаҳарларнинг энг билимдон, ғолиб ўқувчилари ҳудудий босқичда иштирок этди. Шу боис уларни баҳолаш биз, ҳакамлар учун ҳам осон кечмади, – ­дейди Гулистон давлат университети доценти, филология фанлари номзоди Ҳамид Ёдгоров. – Муҳими, ўқувчиларимиз сиёсий атамаларни тўғри тушуняпти. Ислоҳотлар моҳиятини шарҳлай оляпти. Бундай илмли ёшлар юрт келажагидир.
Ўқувчиларнинг тайёрлаган тақдимоти ва чиқиш­лари 100 баллик мезонда баҳоланди. Мирзаобод туманидаги 30-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Рухшона Қўзиева 1-ўрин, Янгиер шаҳридаги 1-умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси Шахина Жалилова 2-ўрин, Гулистон туманидаги 7-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Шаҳноза Хушвақтова 3-ўрин соҳибасига айланишди.
Вилоят босқичининг барча иштирокчилари фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари, ғолиблар диплом билан тақдирландилар.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!