БИЛСА ҲАЗИЛ, БИЛМАСА ЧИН ЭДИМИ?
Сирдарё “Мурувват” ногиронлар учун аёллар интернат уйининг 125 нафар ходимига меҳнат таътили учун тўланадиган ҳақ нотўғри ҳисобланган. Бу худдики, халқимиз топиб айтган “Билса ҳазил, билмаса чин” мақолига мос тушади.
Ушбу қонун бузилиши Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича мехнат техник ва хуқуқ инспекторлари томонидан ташкилотда ўрганишлар пайтида маълум бўлди.
Давлат раҳбарининг “2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги фармони бандларига мувофиқ келмаган.
Фармонга кўра белгиланган қўшимча дам олиш кунлари ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини икки иш кунига қисқартириш ҳисобига қопланиши, хусусан, 3-бандида ҳар йилги меҳнат таътили даврида сақланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини ҳисоблашда меҳнат таътилининг амалдаги давомийлиги ҳисобга олиниши, унга ушбу Фармонда белгиланган қўшимча дам олиш кунлари қўшилиши таъкидлаб ўтилган.
Меҳнат ҳуқуқ инспектори Абдураҳим Албеков интернат директори номига аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма хати юборди. Қисқа фурсатда 125 нафар ходимга жами ўн етти миллион беш юз йигирма тўққиз минг сўм пул маблағи тўлаб берилиб, хат ижроси таъминланди.
Раъно АБДАЛИМОВА, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш
Ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят Кенгаши раиси