Click to listen highlighted text!

ХАВФСИЗ ИШ МУҲИТИ

“Мили текс Сирдарё” масъулияти чекланган жамияти корхонасининг иш бошлаганига икки йилдан ошди. Гулистон туманининг Ишонч маҳалласидаги бу корхонада ип калава ишлаб чиқарилади. 4 сменада 600 ишчи меҳнат қилади. Табиийки, дастгоҳлар тинимсиз ишлайди. Корхонанинг техник хавфсизлик бўйича инженери Асад Атабоевнинг айтишича ҳозирга қадар ишлаб чиқариш билан боғлиқ бирор кўнгилсиз ҳодиса юз берган эмас. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти Кенгаши “Хавфсиз ва соғлом иш муҳити-меҳнат соҳасидаги асослантирувчи ҳуқуқ ва тамойилдир” шиори остидаги тадбирни ўтказишга айнан шу жойни танлади ва бу бежизга эмас экан. Сабаби,бу ерда меҳнат қилаётган ишчилар учун ҳамма қулай шароитлар яратилган.
-Корхонага кириб келишимиз билан саломатлигимиз кўрикдан ўтказилади,- дейди ип йигирув цехи ишчиси Умида Мусаева,- ишчи кийимларимизни киядиган хоналар, ювиниш хоналари, ошхона, хуллас ҳамма жой озода, шинам.Бу ердаги қулай шароитлар ҳақида дугоналаримдан эшитиб ишга келганман.
– Пахта толаси билан ишлаганингиздан кейин албатта чанги бўлади. Ана цехларимизга кириб кўринглар, шамоллатиш тизимлари яхши ишлаши туфайли ғубор йўқ,- ўзини лаборант деб таништирган Дилфуза Жумабоева суҳбатга қўшилди,- ҳар биримиз техника хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси, енғин чиқишдан сақланиш ва меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳамма қоидалари билан танишмиз.
Улкан дастгоҳлар ёнида йигит-қизлар чаққонлик билан ҳаракат қилади.Иш орасида махсус транспорт уйларидан олиб келиб, олиб бориб қўйишини, бепул ишчи кийимлари,иссиқ овқат берилишини айтишга ҳам улгуришади. “Олаётган маошларимиздан кўнглимиз тўлади” дейди улар.
Тадбир иштирокчилари корхонада хавфсиз ва соғлом иш муҳити яратилганига гувоҳ бўлдилар. Бу ерда тез кунларда яна 1000 ишчи ўринлари яратиларкан.
Кейинги манзил “ Ҳудудгаз Сирдарё” газ таъминот филиали бўлди. Бу ерда хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш орқали ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари келиб чиқишининг олдини олишга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Вилоятдаги қатор корхона ва ташкилотлар томонидан ташкил этилган мавзуга оид кўргазмалар намойиш этилди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов, Кенгашнинг меҳнат ҳуқуқ инспектори Ширинхон Умаралиева, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси раҳбари ўринбосари Азизбек Алиқулов,вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан Испандиёр Абдуқодиров, “Сирдарё ИЭС” АЖ касаба уюшмаси қўмитаси раиси Камола Мусаевалар суҳбат жараёнида ходимларнинг хавфсизлиги ва соғлиғини сақлашни таъминлаш бўйича иш берувчининг жавобгарлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари, қонунлар ҳақида батафсил гапирдилар.
Шу билан бирга кўнгилсиз, бахтсиз ҳодисалар кўпинча ишчининг руҳияти билан ҳам боғлиқ бўлиши,буни иш берувчи ўз вақтида англаб, кўмак бериши зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир сўнгида тармоқ корхоналари ўртасида ўтказилган “Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш” республика танловининг вилоят босқичи ғолиблари диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

                                      Баҳор Холбекова

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!