САНАТОРИЙ ҲОРДИҒИ – ТЕТИК ВА ИШЧАН ҚИЛДИ
Меҳнат фаолиятимни 1973-йилда бошлаганман. Қарийб қирқ йилдирки, қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилиб келмоқдаман. Шукур, кам бўлмадим, “Қишлоқ хўжалик фахрийси” кўкрак нишони совриндори бўлдим.
Сўнгги йилларда соҳамизга, унда ишловчи меҳнаткашлар фаолиятига муносиб эътибор кўрсатилмоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалиги ходимлари куни нишонланиши, шу куни соҳада ишловчи кўплаб ходимларга эътироф, мукофотлар берилиши доимги анъанага айланди. Вилоятимизда байрам муносабати билан ҳар йили кўпкари уюштирилиб, соҳанинг илғорлари эсдалик совғалари билан рағбатлантирилаётир.
Айниқса, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тақдим этган бепул санаторий йўлланмаси меҳнаткашлар учун муносиб тухфа бўлди. Айни кунларда Наманган вилоятида жойлашган сўлим “Чортоқ” санаторийсида хордиқ чиқармоқдаман. Мен билан бирга Адил Саидов, Шерали Нормуродов, Қўчқор Маллаев, Равшан Шакиров ва Баходир Каримбоевлар ҳам саломатликларини тиклашмоқда. Ўзимизни тетик, ишчан ҳис қиляпмиз. Аслида, ёнимизга келиб касаба уюшмаси табриги, санаторий учун бепул йўлланма сертификатини ўқиб эшиттириб топшириб кетишганидаёқ, руҳимиз кўтарилиб, чарчоғимиз тарқашни бошлаган эди. Бунинг учун касаба уюшмасига миннатдорчилик билдирамиз.
Ғайрат ТИШЛИҚОВ,
Сирдарё вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси
Ғаллачилик, дуккакли дон ва мойли экинлар
бош мутахассиси