Click to listen highlighted text!

МЕҲР-МУРУВВАТ-БЕРИШИНГИЗ ЗАРУР БЎЛГАН ЭНГ ЯХШИ СОВҒА

Давлатимиз раҳбарининг эътибор ва ташаббуси билан мамлакатимиз аёллари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётир. Айни кунларда 8-Март-Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Аёлни эъзозлаш-эзгулик ва адолат мезони” деган бош ғоя билан “Хотин-қизларни эъзозлаш ҳафталиги” дастурлари ўтказилаётир.
Мана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилоят кенгаши томонидан Янгиер шаҳридаги “Мурувват” аёллар интернат уйида бўлиб ўтди. Кенгаш раиси Рустамбек Турсунмуродов, Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошланғич касаба уюшмаси раиси Баҳтиёр Рўзибоев ҳамгоҳлигидаги меҳмонларни интернат уйи раҳбари Нафиса Шарипова кутиб олди. Байрам табриги айтилиб даволанаётган барча аёлларга оёқ кийимлари, гигиеник воситалар берилди. Ишловчи ходимларга эсдалик совғалари, байрам концерт дастурига чипталар топширилди.
-Аввало, президентимизнинг масканга бўлган эътиборлари, кўрсатаётган ғамхўрликларига миннатдорчилик билдирмоқчиман, -дейди Н. Шарипова. – Уларнинг қўллаб-қувватлашлари сабаб беморларимиз юқори даражадаги қулайлик, муносиб шароитларда парвариш топмоқда. Қолаверса, ҳомий ташкилотлар, саховатпеша инсонлар молиявий кўмак кўрсатиш ташаббуси билан келишади. Уларнинг “нима камингиз бор, олиб берамиз” деган гапларига айтарли жавоб топа олмайман. Сабаби барча моддий-техник анжомларимиз етарли.
Интернат уйида республиканинг турли бурчакларидан келган 162 нафар бемор аёллар даволанмоқда. Уларга 132 нафар тиббиёт ходимлари хизмат кўрсатмоқда. Даволанувчилар йил давомида икки марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Терапевт, нервпатолог, гинеколог, стоматолог, физиотерапевт шифокорлари интернат уйда доимий ишлашади ва зарур жиҳозларга эга кўрик хоналари мавжуд. Шунингдек, қизиқарли адабиётларга бой бўлган кутубхона ва ўқиш зали, тўгарак хоналари аёлларнинг севимли жойига айланган. Баъзида китоб варақлаб, шерикларини кузатиб ўтиради, баъзан бир китобни қайта-қайта ўқишади. Тўгарак машғулотларида расм бўяш, чизиш, қўғирчоқ ясаш каби ишлар бажарилади. Бу каби машғулотлар уларнинг руҳий ахволи яхшиланиши, ҳаётга қизиқиши ортиши, энг асосийси, дунёда борлигини ҳис қилишига кўмаклашади. Интернат уйи раҳбари Нафиса “опа жума куни ҳар бир беморим билан суҳбатлашиб уларга ширинлик улашаман. Бу уларни ёлғизликдан қутқаришга ёрдам беради” дейди.
Интернат уйида мўжаз тикувхона ташкил этилган бўлиб, 4 та тикув дастгоҳлри ёрдамида ётоқ кийимлари, чойшаблар тайёр қилинади. Беморлардан ортиб қолган кийимлар бозорда сотилади. Даромад керакли эҳтиёжларга сарфланади. Нафиса опанинг тадбиркорлиги бу билан чегараланмаган. Ҳовлида иссиқхона ташкил этилган в 3 турдаги кўкатлар етиштирилмоқда. Ҳудудни мевали боғ деб атаса ҳам бўлади. 600 туп экилган кўчатлар қуюқ мезаворга айланган.
Юқорида масканда ҳамма нарса етарли деган жумлани ишлатдик. Ташқаридан қараганда биргина меҳр, эътибор зарурати бордек туюлади. Бу ерда яшовчи аёлларнинг ота-онаси, яқинлари бор. Лекин хабар олишмайди, тақдирига бефарқ бўлиш йўлини танлашган. Ҳаттоки, вафоти хабари берилса ҳам, сўнги манзилга кузатгани келишмайди. Шунинг учун ҳам бу ерда яшаётган, ишлаётганлар бир-бирига меҳр қўйишган. Доим бир-бирини излайди, оиласи деб қабул қилади. Ушбу кенг шароит ва доимий ғамхўрлик самарасида соғайиб, оиласи бағрига қайтганлар, соғлом ҳаётга қайтиш билан бирга турмуш қуриб ўз оиласини қурганлар ҳам бор.
Байрам совғаси, эътиборни қабул қилган мунис опа-сингиллар энг керакли бўлган ҳикматни ёдимизга солишди: меҳр-мурувват- бу бир-биримизга беришимиз лозим бўлган энг яхши совға.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«ISHONCH»

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!