Click to listen highlighted text!

ЭЪТИБОРДАН КЎНГЛИМИЗ ЎСДИ

Гулистон тумани “Соҳилобод” маҳалласида яшовчи Сайёра Ашурованинг турмуш ўртоғи хорижга ишлашга кетганига бир йилдан ошди. Шу вақт давомида оила ва рўзғорнинг ташвиши, фарзандлар тарбияси билан ёлғиз ўзи шуғулланиб келаётир. Оила бошлиғи илгари ҳам узоқ муддатга, сафарда ишлашга тез-тез бориб келган. Бу оиладагилар кўнглини чўктириб қўйгани ҳақиқат эди. Яқинда ҳаммаси ўзгарди…
-Хорижда ишлаш бизга орзу-ҳавас эмас. Турмуш ўртоғимнинг меҳнатлари оғир, қурилиш соҳасида ишлайдилар. Анча йилдан буён ишлашларига қарамай доим хавотир оламиз, -дейди Сайёра Ашурова. – Яхши иш тополмаган, меҳнатга кам ҳақ тўлаган, иш ҳақини ололмаган, бемор бўлган кунлари ҳам бўлди. Бироқ ҳеч ким ахволимизни сўрамаган эди. Шу йили президентимизнинг бизга ўхшаб боқувчиси хорижда бўлганларга бир марталик ёрдам ажратилиши тўғрисидаги қарорлари эълон қилинди. Тўғриси, бундан жудаям қувондик. Маҳалла идорасига бориб керакли ҳужжатларни тўлдирдим. Касаба уюшмаси ходимлари мен билан боғланиб ҳисобланган маблағни пластик картамга ўтказиб беришди. Моддий ёрдамни 2-, 6- ва 9-синф ўқувчиси бўлган фарзандларимга ишлатаман. Эътибордан кўнглимиз кўтарилди. Турмуш ўртоғим билан телефон орқали гаплашиб “Бўлар экан-ку!” деб кўз ёши қилиб олдим, минг раҳмат!
Президент қарори билан боқувчиси хорижга ишлашга кетган ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” рўйхатида турган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдоридаги бир марталик ёрдам пуллари берилиши бошланди. Сирдарёлик 7 нафар оилага ҳам ёрдам кўрсатилди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!