ДОЛЗАРБ МАВЗУ АТРОФИДА
Мамлакатимизнинг Конституциявий қонуни лойиҳаси меҳнат жамоаларида қизғин муҳокама этилаётир. Жумладан, шу кунгача Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти Кенгашининг 376 та аъзо ташкилотида лойиҳа билан танишиш, уни муҳокама қилиш ва таклиф киритиш масаласида давра суҳбатлари ўтказилди.
Улардан бири Ширин шаҳрида жойлашган “Sirdaryo IES” AJ жамоасида бўлиб ўтди. Унда касаба уюшмаси вилоят кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов долзарб мавзу юзасидан маъруза қилди. Дастлаб, 2022 йил 20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий комиссияси аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда давлат раҳбарининг бош қомусимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши борасида алоҳида эътибор берилиши лозим бўлган 4 та устувор вазифалар хақида сўз юритганлиги, шунга кўра Конституциявий қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганлигини таъкидлади.
Шунингдек, ушбу масалалар юзасидан жамоатчилик эшитувини ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратила Рафиқов бошчилигида жамоатчилик эшитуви ўтказилганлиги ва иштирокчилар томонидан Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан бир қатор таклифлар билдирилганлиги хақида сўз юритди. Ушбу муҳокамаларда “Sirdaryo IES” жамоасини ҳам таклиф ва тавсиялар билдиришда фаол иштирок этишга чақирди.
Сўзга чиққанлар, Конституциянинг меҳнат ҳуқуқига оид 37- ва 38- моддаларига билдирилган таклиф, қўшилаётган нормалар ҳақида қизғин муҳокама қилишди.
Иштирокчиларнинг таклифлари ёзиб олинди.
Озода МАМАДАЛИЕВА,
«ISHONCH»