МУШТАРИЙЛАР ФИКР ВА ТАЛАБИ МУҲИМ
“Одамларни тинглашни ўрганинг. Акс ҳолда, улар ҳам сизни тингламай қўяди” ҳикматли сўзлари журналист ва матбуот ходимларининг фаолиятига жуда мос келади. Шунинг учун ҳам қалам эгалари ўз муштарийлари билан доимий мулоқотда бўлишни фойдали сабоқ деб ҳисоблайди. Касаба уюшмалари нашри ҳисобланган «Ishonch» ва «Ishonch-Doverie» газеталари таҳририяти газетхонлар билан доимий учрашувлар ўтказиб келаётир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгашида газетанинг вилоят бўйича мухбири билан ўтказилган навбатдаги мулоқот мазмунли ва фойдали бўлди.
Унда касаба уюшма фаоллари ва газетанинг муштарийлари қатнашди.
Тадбирда касаба уюшмаси вилоят Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов газетанинг ўтган йилдаги фаолияти, кўплаб танқидий ва таҳлилий мақолалари билан матбуотнинг кучини кўрсатиб келаётгани хусусида ўз фикрларини билдирди. Шунингдек, вилоят ҳаётига оид мазмунли мақолалар сонини ошириш, бунинг учун ҳудуддаги мухбирлар билан ҳамкорликни кучайтириш ҳақида асосли таклифлар берди.
Тадбирда газетанинг муштарийларга тезкорлик билан етказилиши, бу борада ўтган йиллар тажрибаси ва бу йилда жорий этилган қулайликлар ҳақидаги маълумотлар тингланди. Шундан сўнг, таҳририятнинг “2022-Нигоҳ” номли тўплами мулоқот қатнашчиларига топширилди.
Озода Мамадалиева