Саёҳат кўнгилларга ҳузур берди
Ҳудуд ва маҳалларимиз тоза ва обод бўлиши учун меҳнат қилаётган ободонлаштириш ходимларининг ишлари кўклам фаслида янада кўпайган. Кўча йўлакларининг сариштали бўлиши учун фариштали қўллар меҳнати керак.
Ишловчи ходимларнинг муносиб хордиқ чиқариши, хусусан, байрамларни яхши кайфиятда кутиб олиши учун касаба уюшмалари тадбирлар режасини тузган. Ана шунга мувофиқ яқинда Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туман ва Гулистон шаҳар ободонлаштириш бошқарма ходимларининг бир гуруҳи Тошкент шаҳрига саёҳат қилишди. Пойтахтнинг диққатга сазовар музей ва замонавий боғларида бўлишди. Айниқса, “Янги Ўзбекистон” боғи, ундаги ободонлик манзаралари катта таассурот қолдирди.
-Ҳозир дам олиш, саёҳат қилишга кўпчиликнинг қурби етади. Йил давомида бир неча бор дам олиб келишяпти ҳам, -дейди Мирзаобод туман ободонлаштириш бошқармаси ҳовли супурувчиси Маҳбуба Тиловова. – Бироқ, меҳнат жамоангда эътибор кўрсатишгани, ҳамкасблар билан саёҳат қилиш имконияти яратилганидан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Юртимизнинг янги манзилларини, обод гўшаларини томоша қилдим. Бунинг учун ташкилотчиларга катта раҳмат. Кўнглимизга ҳузур кирди. Миннатдорлик билан ҳалол хизматимизни давом эттириб вилоятимиз ободлигига ҳисса қўшамиз.
Ҳайрулла АМИНОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
Сирдарё вилоят кенгаши бўлим мудири