Click to listen highlighted text!

ЮРТ ТИНЧЛИГИ, ВАТАН РАВНАҚИ –ОЛИЙ НЕЪМАТ!

                Шу мавзуда Сирдарёда илмий-амалий семинар ўтказилди.
Дастлаб “Ўзбекистон-умумий уйимиз!” шиори остида ўтказилган тадбир доирасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хрижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар бўйича қўмита раиси Алишер Ходжаев бошчилигидаги тарғибот гуруҳи вилоятимизнинг Янгиер шаҳри, Сирдарё ва Сайхунобод, Сардоба туманларида истиқомат қилувчи корейс, қозоқ, рус, тожик, қирғиз ва озарбайжон миллатига мансуб юртдошларимиз хонадонларида бўлдилар, улар билан суҳбатлашдилар, оилавий шароитлари билан танишдилар.
Тадбирнинг иккинчи куни Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида ташкил этилган “Юрт тинчлиги, ватан равнақи-олий неъмат!” мавзусидаги илмий-амалий семинар миллий марказлар томонидан ташкиллаштирилган ранг-баранг ярмаркалар билан бошланди. Ўзбекистон – кўпмиллатли аҳил оила”, “Кўпмиллатли ва кўп конфессияли Ўзбекистон” номли кўргазмалар ташкил этилди.
Қирмизи корейсча кўйлак кийиб олган онахон билан танишамиз.
Ким Роза Сергеевнаман, Ўзбекистонга мени тақдир етаклаб келган, – дейди онахон ҳаяжонланиб.- Олис 1970 йилда турмушга чиққанимдан сўнг, Ўзбекистонга кўчиб келганмиз. Шу ерга туп қўйиб, палак ёздим. Учта фарзандли бўлдим. Менга ўзбек урф-одатлари, туриш-турмуши жуда ёқади. Айниқса, Наврўз байрамини жуда севаман.
Биз ҳам асли Ўзбекистонликмиз, – дейди Янгиер шаҳридан ташриф буюришган, рус миллий маданий маркази қошидаги “Гармония” ансамблининг хонандаси Брунс Людмила Алексеевна. – Турмуш ўртоғим немис, мен рус миллатига мансубман. Аммо, жонажон ватанимизни ҳеч қаерга алмашмаймиз. Турмуш ўртоғим Анатолий Георгиевич ҳамиша “ер устида биттагина жаннат мавжуд бўлса, у – Ўзбекистон” деб такрорлайди.
Янгиер қурилиш-монтаж материаллари комбинатида 35 йил ишлаб, пенсияга чиқдим, ҳозирда дугонам Куприянова Вера Тимофеевна билан рус миллий маданий маркази қошидаги ансамблга қатнашамиз. Биз тинч ва обод юртимизни жуда яхши кўрамиз.
Илмий-амалий семинар ишини вилоят ҳокимининг ўринбосари Равшан Мамадалиев олиб борди. Сўзга чиққан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хрижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар бўйича қўмита раиси Алишер Ходжаев, шу қўмита бўлим бошлиғи Муножатхон Нурматова, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Шоира Нурматова, “Тасвирий оина” ижодий уюшмаси раиси Исфандиёр Латипов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидладилар. Юртимизда турли миллат вакилларининг тинч-тотув, аҳил-иноқ истиқомат қилаётгани, ягона Ватан тушунчасининг қалбларга муҳрлангани мамлакатимиз тараққиётида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сирдарё вилоятида ҳам миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида самарали ишлар олиб борилаётир. Бу ерда истиқомат қилаётган 70 дан ошиқ миллат ва элатларнинг ўз тили, урф-одат ва анъаналари, тарихи ва маданиятини ўрганиши, ривожлантириши учун барча шароит яратилган. Маҳаллалар, турли маданият масканлари, таълим муассасаларида ташкил этилаётган тадбирлар миллатлар ўртасидаги ўзаро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.
Турли миллат вакиллари иштирок этган “Юрт тинчлиги, ватан равнақи –олий неъмат!” шиори остидаги илмий-амалий семинарда вилоятда фаолият юритаётган 5 та миллий маданият марказлари қошида ташкил этилган бадиий ҳаваскорлик жамоалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқ ва рақслар барчада катта таассурот қолдирди.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!