ОТА РАҒБАТИ
“Бугунги кун оталари” мақоласини ўқиб…
Ноз-неъматга тўла дастурхон…Худди байрамдек.Дастурхон четида бир даста газета тахлами. Яқинлашарканман, отам менга шундай бир меҳр билан қарадики… Ўрнидан туриб маҳкам бағрига босди, анчагача қўйиб юбормади. Елкаларининг енгилгина титраганини сездим.”Бугун менинг энг бахтиёр куним” деди отам шивирлаб.
Мана шу манзара, шу ҳолат ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди.Отам оддий чўпон бўлган.Жиззах вилоятининг Фориш туманида яйловларда кўчиб яшардик. Биз болалар мактаб –интернатида ётиб, ўқирдик. Якшанба куни уйларимизга борардик.”Чорвадор” туман газетасида кичик мақолаларим билан қатнашиб турардим. Кейин билсам отам мақоламни ўқибди, почтадан ҳамма газетани сотиб олибди. “Бунинг ҳаммасини нима қиласиз?” десам, “Ҳаммага тарқатаман, совға қиламан, ўқишсин, кўришсин” деди.Сўнг баланд овоз билан мақоламни ўқиб берди. Отамни ҳеч қачон бу даражада хурсанд кўрмагандим. Шу куни уйда ҳамманинг кайфияти зўр бўлди. Ўзимнинг ҳам бошим осмонда эди. Оталарни хурсанд қилиш учун яхши ўқиш, қандайдир ютуққа эришиш кераклигини тушундим. Мактабимиз директори Ортиқбой ака отамнинг дўсти эди. Қизи Раъно биз билан ўқирди. Шу дўсти билан отам синфимизга кириб ўтирадиган, дарсларимизни кузатадиган бўлди.Ўқишга қаттиқ киришдим. Аъло баҳолар олиб, отамни яна хурсанд қилгим келаверарди.Отамнинг мендан фахрланишини сезардим. Ана шулар катта туртки бўлди. Тошкент Давлат педагогика институтига ўқишга мактабда олган билимларим асқотди. Педагогик фаолиятимни Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги 1-мактабда ўқитувчиликдан бошлаганман. Кейинчалик, тўққиз йил туман халқ таълими бўлими мудири, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ва биринчи ўринбосари вазифаларида ишладим. Педагогик фаолиятим давомида ўқувчилар билан “сиз ўз ота-онангизни хурсанд, бахтиёр қилишни истайсизми?”деган мавзуда тадбирларни кўп ўтказганмиз.Отам ҳақида гапириб берганман.Натижаси қувончли бўлган.Ота-оналар фарзандларидаги яхши ўзгаришлардан суюниб гапиришган, миннатдор бўлишган.
Оталар фарзандлари олдида ҳурматга сазовор зотлар бўлиши учун бу кичик, аммо катта қалб эгаларига меҳр беришлари, эътибор қилишлари керак бўлади. Бугунги оталарнинг ҳам бир оёқлари мактабда бўлса, боласининг дарсларида ўтирса ўша сарфлаган вақти эртага бахт, қувонч олиб келиши шубҳасиз.
Алижон Марасулов,
Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси