“АЁЛЛАР ДАФТАРИ” – МЕҲР МЕҲВАРИБоёвутнинг ўтюрак аёлларидан кичик ҳикоялар
“Ўзбекистон” маҳалласи хотин-қизлар фаоли Назира Бурхонова ҳикояси
– Аёлларимиз ўта андишали. Бўлар бўлмасга, бирор нарса сўраниб маҳаллага чиқаверишмайди. Очиғини айтсам маҳалламизда муҳтож оиланинг ўзи йўқ. Унча-мунча камхарж оилаларга қариндош-уруғ, маҳалла кўйдаги ўзига тўқ инсонлар сездириб сездирмай ёрдам қилади. Деҳқончиликларидан улуш ташлаб кетишади. Ўзаро оқибат кучли. Уйда ўтирган, ишсиз, аммо қўлидан кўп иш келадиган аёлларимиз бор. Уларнинг тортинчоқлигини ҳисобга олиб, “Оқила аёллар” ҳаракати фаоллари, кўчабошилар билан ўзимиз олдиларига бордик. Маҳалламиздаги 1127 аёлларнинг шароитларини ўрганиб чиқиб, 87 опа-сингилларимизни “Аёллар дафтари”га рўйхатга олганмиз. Давлатимизнинг аёлларга бўлган эътибори, ғамхўрлиги бу дафтарда акс этганлигини тушунтирганимизда уларнинг кўзлари порлаб кетди, мижжалари намланди. Эндиликда субсидиялар, имтиёзли кредитлар олиб ишлаётган, рўзғорларини гуллатаётган аёлларимизга ҳамма ҳавас қилаяпти. 41 нафар аёллар тадбиркорликнинг ўзлари қизиққан йўналишлари бўйича ўқитилди. “Аёллар дафтари”да турган 12 опа-сингилларимиз субсидия олиб бир уйда тикувчилик цехи очиб кўрпа-тўшаклар тикишаяпти. Ўзаро ҳамжиҳат бу қўшнилар уйда ўтириб яхшигина даромад олиш мумкинлигини бошқаларга ҳам уқтиришмоқда.
Тилларидан шукроналик тушмайдиган, самимий, меҳнаткаш аёлларимиз билан ишлашни яхши кўраман.
“Ўзбекистон” маҳалласидан Дилором Усмонқулова ҳикояси
– Турмуш ўртоғим 12 йил Россияда ишлаб юрди. Уй-жой қилдик, келин олдик. Мусофирчилик жонига теккан бўлса ҳам яна ишлашга отланди. Бу сафар мен ҳам бирга кетмоқчи бўлдим. Фақат иккиланиб қолдим. Кекса қайнонам бетоб, келиним ёш болали, қандай бўларкин, деб ўйлаб турганимда уйимизга маҳалламиз фаол аёллари келиб қолишди . Улар четга чиқмай шу ерда, айнан уйда ўтириб ишлаб, кам бўлмаслик мумкинлигини тушунтиришди. “Аёллар дафтари”га киритилдим. Турмуш ўртоғимнинг касби новвой бўлгани учун бу иш менинг ҳам қўлимдан келади.Ипотека кредити олиб тандирхона қуриб, новвойхона очдик.Энди уйда ўтириб даромад топаяпмиз. Оиламиз жамулжам. Ишларимиз яхши. Ҳамқишлоқларимиз тонг саҳардан нонга келишади. “Ота-онамизга иссиқ нон олиб кирсак, дуо қилишаяпти” дейишса биз ҳам қувонамиз. Келиним ёнимда ёрдамчи. Боз устига қўни-қўшнининг қиз-келинлари ҳам қарашиб, новвойликни ўрганиб олишаяпти. Тўй, маросимларга буюрмалар кўп бўлади. Шунинг учун яна фаолиятимизни кенгайтирмоқчимиз.
“Аёллар дафтари” дегани ғамхўрлик, эътибор, ёрдамга чўзилган меҳрибон қўллар,дегани экан.
“Ўзбекистон” маҳалласидан Нигора Назарматова ҳикояси
– Касбинг, ҳунаринг бўлсаю, дастмоянг бўлмаса бир жойда депсиниб туравераркан, киши. Ҳар доим бир-икки оила асаларимиз бўлган. Уни кенгайтириш ҳақида ўйлаганмиз. Турмуш ўртоғим мактабда ўқитувчи. Россияда ишлаб ҳам келди. Сабаби, рўзғоримиз катта. Уй солиб, алоҳида чиқишимиз керак. Мен асаларичиликни яхши кўраман. Турмуш ўртоғимнинг ёнида юриб ўрганиб, кейин ўзим қарайдиган бўлдим.“Аёллар дафтари”да турганим учун 28 миллион 400 минг сўм кредит олдик. Шу маблағ мадад бўлиб ҳозир 70 та асалари оилаларини боқаяпман. Насиб этса яхши ҳосил оламиз. Даромадимиздан уй кўтариш учун жойларини ҳозирлаб қўйдик.
“Ўзбекистон” маҳалласидан Марҳабо Холиқулова ҳикояси
– “Аёллар дафтари”га киритилганимдан сўнг тадбиркор бўлишдек орзум ушалди. Турмуш ўртоғим сантехник, қўли гул уста. Ҳовлида унча-мунча дераза ромлар ясарди. Мен кўмаклашардим. Ўзимизнинг кичкина бўлса ҳам корхонамиз бўлишини ҳоҳлардим. Аукционда қатнашиб, ер олиб 33 миллион имтиёзли кредит эвазига оилавий корхонамизни ташкил этдик. Шу ернинг ўзида дўкон очдик. Буюртмадан ташқари ясаган эшик, деразалар, сантехника буюмларини сотамиз. Корхонамизда 5 киши ишли бўлди. Ҳозир қўлимиз қўлимизга тегмайди. Яхши кўрган ишинг билан шуғулланиш қандай яхши.
Юқори Сармич маҳалласидан Замира Муқумова ҳикояси
– “Аёллар дафтари” менинг ҳамма қийинчиликларимга чек қўйди, деёламан.Ҳаётим бутунлай ўзгариб кетди. Бошқа аёлга айландим. Тўғриси, кунбай ишларда ишлардим. Турмуш ўртоғимнинг топгани рўзғорнинг бирига етса, бирига етмайди.Офтобнинг тиғида далаларда чопиқ чопдим, қаҳратон изғиринларида тўғри келган ишни қилдим. Куйдим, пишдим, қийналдим. Болалар катта бўлишаяпти. 4 ўғлимиз бор. Уларнинг келажаги учун ҳам ҳаракат қилишим керак эди. 13 ёшли Азизбек ўғлим эшкак эшиш бўйича спорт усталигига номзод. Ҳамма болаларим иқтидорли. Уларга яхши шароит яратиш учун нимлардир қилишимиз керак,деб турганимизда ноёб тизим қулайлик берди. 33 миллион имтиёзли кредит олиб уйда “Даврон бобо” болалар боқчасини очдим. Бундан икки йил аввал 25 бола қатнаётган бўлса, ҳозир 50 бола тарбияланаяпти. Ўзимиздан ташқари яна тўрт киши иш билан таъминланди. Энг муҳими менда яна янги ишларга рағбат пайдо бўлди. “Аёллар дафтари”дан чиқдим, яхшигина тадбиркорга айландим. Боқчамизни қайта реконструкция қилиш учун яна кредит олмоқчиман. Болалар учун ўйингоҳлар, бассейн қурмоқчимиз. Турмуш ўртоғим Аброр Тожибоев суянчиғим. “Дамас” машинасида болажонларни олиб келиб, олиб бориб қўйишдан завқланади. Ҳамқишлоқларимизнинг хурсандчилигини айтмайсизми?. “Замира, савобли иш қилдингиз” дейишмоқда.
Мени рўзғоримдан узоқда, болаларимдан айро қора меҳнат қилишдан халос қилган “Аёллар дафтари”дан миннатдорман.
“Пахтакор” маҳалласидан Назокат Мажидова ҳикояси
– “Учта ёш болам билан нима иш қила олардим” деб кўп ўйлаганман. Турмуш ўртоғим кунбай ишларда ишлаб келарди. “Аёллар дафтари”да турганим учун имтиёзли кредит беришди. Аввал 4 сотихда иссиқхона қилиб бодринг, помидор экдик. Қарасак, бир йилда уч марта ҳосил олиш мумкин экан. Кейин иссиқхонамизни 15 сотихга кенгайтирдик. Энди уйда, болаларим ёнимда бўлиб яхшигина даромад олаяпмиз. Рўзғоримизга рўшнолик кирди.
Халқ банки Боёвут тумани бўлими аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича бошқарувчи ўринбосари Сайёра Қўчқорова ҳикояси
– Туманимизда 39 та маҳалла бўлиб, уларда яшовчи 4189 опа-сингилларимиз “Аёллар дафтари”га киритилган. 282 аёл тадбиркорлик йўналиши бўйича рўйхатга олинган. Ҳозирда 149 аёлга 1 миллиард 538 миллион сўм, шундан 60 нафар аёлга Халқ банки Боёвут тумани бўлими томонидан 596 миллион сўм кредит маблағлари ажратилган. Рўйхатга олинган ҳар бир аёл ўқув курсларида ўқитилиб,уларга сертификатлар берилган. Улар ўзлари ўқиган йўналишлар бўйича тадбиркорлик билан шуғулланмоқдалар.
Маълумот ўрнида
Бугунги кунда Боёвут туманида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг 2493 нафарига барча турдаги ёрдамлар кўрсатилган. Ишсиз 1741 нафар аёллардан 781 нафари иш билан таъминланди. Тадбиркорлик истагидаги 282 эҳтиёжманд аёллардан 108 нафарига кредит ёрдамлари берилди. Боқувчиси йўқ 522 хотин-қизлардан 425 нафарининг ҳар бири 1 миллион 200 минг сўмдан моддий ёрдам олишди. Боқувчисини йўқотган, уй-жойи таъмирга муҳтож 29 нафар аёлларнинг уйлари тўлиқ таъмирланди. Қарамоғида ногиронлиги бўлган 456 хотин-қизларнинг 305 нафарига 1 миллион 200 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам тарқатилди. “Аёллар дафтари” жамғармасида 1 миллиард 118 миллион сўм маблағ шакллантирилиб, шундан аёлларга 973,3 миллион сўмлик ёрдамлар кўрсатилди.
Бир сўз билан айтганда “Аёллар дафтари” тизими йўлга қўйилганлиги сабаб опа-сингилларимиздан ҳеч бири эътибордан, ғамхўрликдан, ўзларига кўрсатилаётган меҳр-оқибатдан четда эмас.
Баҳор Холбекова тайёрлади.
Сирдарё вилояти