ҲИСОБ 9-3
“Индорама” нафақат Осиё, балки бошқа қитъаларда ҳам таниқли компаниялардан бири ҳисобланади. Сингапурнинг бу компанияси таркибидаги “Индорама Агро” корхонаси Сирдарё вилоятида ги Сардоба ҳамда Оқолтин туманларида 27 минг гектар ерда деҳқончилик қилиб, қишлоқ хўжалиги соҳасига илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Корхонада меҳнат қилаётганлар ишдан ташқари вақтларини мазмунли ўтказадилар. Жумладан “Индорама Агро” корхонаси ишчиларидан иборат 12 та футбол командаси тузилган.
-Ҳозиргача командалараро саралаш ўйинлари давом этмоқда,-дейди корхона касабақўм раиси Шерзод Алибоев,- корхонамизда 512 нафар касабақўм уюшмалари аъзолари бўлиб, уларнинг спорт билан шуғулланишлари, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун доимий ғамхўрлик қилиб келинмоқда.
Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ташкил этилган беллашувларнинг навбатдагиси 21 июль куни ишдан сўнг Гулистон шаҳрида идора ходимлари ҳамда ҳайдовчилардан иборат командалар ўртасида бўлиб ўтди. Ўйинга Айдер Сахияров ҳакамлик қилиб борди. Қизғин баҳслар, ҳаяжонли дамларга тўла дақиқалар ортда қолиб ғолиб команда маълум бўлди. Беллашувда 9-3 ҳисоби билан идора ходимларидан иборат футбол жамоаси ғолиб бўлди. Мусобақа сўнгида ҳар икки команданинг энг фаол ўйинчилари касабақўмнинг совғалари билан тақдирланишди.
Абдували Якубов,
Ўзбекистон касаба уюшмалари тасарруфидаги жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш ишлари бошқармасининг Сирдарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси