МАЪНАВИЯТ СОАТИ
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгашида “Жаҳолатга қарши маърифат” ва “Мафкуравий-иммунитетни мустаҳкамлаш” мавзусида маънавият соати бўлиб ўтди. Йиғилишни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Р.Турсунмурадов очиб, йиғилиш иштирокчиларини кун тартибидаги масала ҳамда маърузачилар билан таништирди. Дастлабки сўз Сирдарё вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизмати Терроризмга қарши курашиш бошқармаси ходими О.Хаитқуловга берилди.
– Бугунги мураккаб даврда интернетда фойдали маълумот билан бирга зарарли ахборот ҳам кенг тарқалаётганлиги ҳаммамизга маълум,-деди нотиқ ўз сўзида,- айниқса, имон-эътиқодга раҳна солувчи, дину диёнатга путур етказувчи ва инсонни залолатга бошлайдиган материаллар авж олаяпти. Экстремистик оқимлар ёшларни мутаассиблаштириш ва уларнинг онгига бузғунчи қарашларни сингдиришга уринмоқдалар. Бундай вақтда ёш авлодда ақидапараст ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш ва уларни ғоявий хатарлардан огоҳ этиш долзарб вазифа ҳисобланади.Руҳий тушкунликдан фойдаланиш – ҳаётда қийналган, турмушда муаммоларга дуч келган кишиларни моддий манфаат эвазига ўз томонларига оғдириш, иғвогарлик, миш-миш тарқатиш – маълум гуруҳлар ва шахслар томонидан диний соҳадаги ислоҳотлар, диний ташкилотларнинг фаолият йўналишларига, конституцион тузумга қарши ҳаракатларни уюштиришга тарғиб этиш ёт оқимларга хос усуллардир.
Шундан сўнг сўз олган Сирдарё вилояти ИИБ ТҚХ ТҚКБ ходими Х.Юсупов ва А.Мамаюсуповлар таҳдидлардан ҳимояланиш йўллари ҳақида сўз юритиб, ёшларда хабарлар моҳиятига етиш малакасини ҳосил қилишни, ҳар қандай хабар ҳам тўғри ва холис бўлавермаслигини, юртимиз дин пешволари тўғрисида нотўғри, туҳмат тарқатадиган шахсларнинг асл қиёфасини билиб олишни,экстремистик кучлар ўз мақсадини амалга оширишда ҳатто Аллоҳнинг каломи ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларини ҳам бузиб талқин қилишдек қабиҳликдан қайтмасликларини таъкидлаб, фуқароларимиз ватанпарварлиги ва миллий қадриятлар атрофида бирлашишни нотўғри баҳолайдиганлардан сақланишни, ахборий хатарлар ва бундай таҳдидларга қарши чин эътиқод билан туриш ва ёшларда бузғунчи ғояларга қарши раддия бериш қобилиятини шакллантиришни,бунинг учун нималар эътибор бериш зарурлигини айтиб ўтдилар.
Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги диний ташкилотлар, соҳа ходимларига оид расмий сайт ва ижтиомий тармоқларидаги ишончли мақолаларни мутолаа қилиш бўйича тавсиялар берилди.
Ташкилий ишлар бўлими
етакчи мутахассиси М.Жуланов
етакчи мутахассиси М.Жуланов