ТАРМОҚҚА ЯНГИ РАИС САЙЛАНДИ
Ўзбекистон Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят худудий Кенгашининг навбатдан ташқари III Конференцияси бўлиб ўтди. Унда тармоқ корхона ва ташкилотлари бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раислари иштирок этдилар. Кун тартибида Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Эгамназаров Абдуллажон Жалолиддин ўғлини бошқа ишга ўтаётганлиги сабабли эгаллаб турган вазифасидан ўз аризасига кўра озод этиш ва янги раисни сайлаш масаласи кўриб чиқилди. Тармоқ касаба уюшмаси республика Кенгаши раиси ўринбосари Шуҳрат Муҳамедханов Сирдарё ҳудудий Кенгаши фаолияти тўғрисида, эришилган ютуқлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.
– Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят Кенгашининг Конференцияси, республика Кенгаши Раёсати қарорларини ва тизимда амалда бўлган бошқа тартиб, меъёрларга риоя этиш, мулкдан самарали фойдаланишни назорат қилиш, тафтиш қилиш билан боғлиқ ишлар қониқарли даражада бажарилишини инобатга олиши ҳамда сайланадиган раис ҳам ишни келгусида жадаллик билан олиб бориши керак бўлади,-деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти Кенгаши раисининг ўринбосари Баҳодир Хамиджонов ва тармоқнинг вилоят Кенгаши раислигига Шоҳруҳ Шамсиддинов номзодини тавсия этди.
Мажлис иштирокчиларининг таклиф ва мулоҳазалари эътиборга олинган ҳолда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Унга кўра Ўзбекистон транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят Кенгаши раислигига Шоҳруҳ Шамсиддинов сайланди.