Click to listen highlighted text!

ЖАМОА ШАРТНОМАСИ – ЎЗАРО КЎПРИК

Халқ хўжалигини юксалтириш, хорижий корхоналар билан ҳамкорлик, экспорт-импорт амалиётининг қонуний асосда жорий этилиши, қонунбузарлик ҳолатларининг ўз вақтида олди олиниши ва ҳуқуқий баҳо беришда Сирдарё вилояти божхона бошқармаси хизматчилари жонкуярлик билан фаолият олиб бормоқдалар. Айниқса чегара ҳудудлари божхона постлари ходимлари ўз вазифаларига масъулият билан ёндошишга одатланишган. Шунинг учун ҳам соҳа ходимлари эришаётган ютуқлар салмоқли. Бу муваффақиятлар замирида албатта уларга яратилган қулай шароитлар, ғамхўрлик ва эътибор бор. Бошқарма раҳбарияти билан  бошланғич касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2023-2025 йиллар учун тузилган жамоа шартномасининг 2023 йил якунларига бағишланган йиғилишда ана шулар ҳақида сўз борди. Бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси, божхона хизмати подполковниги Бекзод Масейтов йил давомида амалга оширилган ишларга тўхталаркан, жамоа шарномасидаги 18 та бўлимдаги жами 219 та бандларнинг ижросига доимий эътибор каратилганини таъкидлади. Иш берувчи билан ҳамкорликда соҳа ходимлари, уларнинг оила аъзолари саломатлиги, дам олиши, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун режалаштирилган ишларнинг барчаси амалга оширилганлигини қайд этди. Ҳақиқатдан ҳам бошқармада турли кўрик-танловлар, спорт мусобақалари, байрам тадбирлари  ҳамиша кўтаринки руҳда ўтади. Соҳага хизмати сингган фахрийлар ҳам ҳамиша эъзозда. 14 нафар ходимларнинг 23 нафар фарзандларига  “Зомин” болалар соғломлаштириш оромгоҳига касаба уюшма қўмитаси аъзолик бадали ҳисобидан йўлланмалар  берилган.
– Тизимда хизмат қилаётган аёлларга яратилган қулай шароитлардан мамнунмиз, тиббий кўриклардан ўтказилаяпмиз, йил давомида кўпчилик аёллар йўлланма асосида санаторий ва дам олиш масканларида саломатликларини мустаҳкамлаб қайтдилар. Ишхонамизда гигиена, кийиниш ва ювиниш хоналари, ошхона бор. Самарқанд, Бухоро шаҳарларида саёҳатда бўлдик, – дейди ҳисобот юзасидан музокараларда сўзга чиққан бўлим бошлиғи Санобар Абдуразоқова.
Шунингдек Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Ботир Усмонов ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгаши жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси Санжар Тоғаевлар ҳам бошқарманинг таклифига биноан йиғилишда иштирок этишди.
Жамоа шартномаси шартларининг бажарилишига бағишлаган йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди ва икки томонлама тузилган ишчи гуруҳга 2024 йилда ҳам амалдаги жамоа шартномаси бандларининг бажарилишини мониторинг қилиб бориш вазифаси топширилди.
 
Турсунов Анваржон Акрамович, Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилоят Кенгаши етакчи мутахассиси.
Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!