Click to listen highlighted text!

ҲАМКОРЛИК КЎЛАМИ КЕНГАЯДИ

”Янги ҳаёт” маҳалласида жойлашган 11-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 40 нафар ишчи ва ходимлар меҳнат қилади. Муассасада 2023-2025 йиллар учун имзоланган жамоа шартномасининг 2023 йилдаги ижроси бўйича умумий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда давлат мактабгача таълим ташкилоти директори Насиба Шердилова иш берувчи томонидан 2023 йилда ишчи ва ходимларга ажратилган устама, мукофот, моддий ёрдам маблағлари 90.148.808 сўмни ташкил этганлигини, ўз вақтида бюджетдан ажратилган маблағ ҳисобидан ходимлар тиббий кўрикдан ўтишларида чиқимдор бўлмаганликларини алоҳида таъкидлади.
Касаба уюшма қўмитаси раиси Роза Маъмурова ўз маърузасида 7 нафар моддий кўмакка муҳтож ходимларга ёрдам кўрсатилгани, Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилгани, 4 нафар камхарж, эҳтиёжманд ходимларнинг фарзандларига касаба уюшмаси бюджетидан ўқув қуроллари олиб берилганини айтиб,бундай савобли тадбирлар “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да ҳам давом эттирилишини қайд этди.
– Жамоамиз касаба уюшмалари тизимида рўй бераётган ўзгаришлар ва янгиликлардан доимо қизиқиб ўз вақтида хабардор бўлиб келмоқда.Бунда бизга “Ишонч” газетаси яқиндан кўмакчи,-дейди касаба уюшма қўмитаси аъзоси Барно Умарова.
2023 йилда иш берувчи ва касаба уюшма ташкилоти билан ҳамкорликда жамоа шартномаси орқали ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида 93.463.208 сўм сарфлаган бўлса,бу 2023 йилда жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун ўрта ҳисобда бир ходимга йил давомида сарфланган маблағ миқдори 2.336.580 сўмга тўғри келганлиги эътироф этилди.
Сўзга чиқувчиларнинг таклифлари инобатга олиниб,маъмурият ва касаба уюшма қўмитасининг ўтган йилги фаолияти қониқарли, деб топилди ҳамда иш берувчи билан касаба уюшма ташкилоти ўртасида ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш орқали келгусида аъзоларнинг ижтимоий,иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялашдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
РАҲМАТ БИЛОЛОВ,
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси
Оқолтин туман кенгаши раиси

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!