Click to listen highlighted text!

СПОРТЧИ ПЕДАГОГЛАР

Келажак авлод таълим-тарбияси билан шуғулланувчи педагоглар билимли, зукко ҳамда соғлом, жисмонан баркамол бўлишлари ҳам керак. Жойларда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари ходимлари ўртасида “Соғлом танда-сифатли таълим” шиори остида касаба уюшмаси кубоги спорт мусобақалари қизғин тус олган. Боёвут туманидаги 52-мактабнинг спорт майдончасида беллашувнинг 2-сектор босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Боёвут туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ҳамда спорт мактаблари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда иштирокчилар ўз салоҳиятларини намойиш қилишга астойдил ҳаракат қилдилар. Тумандаги 10 та мактабдан 200 нафарга яқин педагоглар спортнинг мини футбол,шахмат, шашка, стол тенниси ва волейбол турлари бўйича ўзаро куч синашишди. Мусобақалар якунида маълум бўлдики, педагоглар спортда ҳам моҳир экан. Тумандаги 9-умумтаълим мактаби мини футбол жамоаси ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиб ғолибликни қўлга киритишди. Волейбол бўйича биринчилик 36-умумтаълим мактаби жамоасига насиб этди.
Боёвутликлар Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳибаси, истеъдодли шахматчи, халқаро гроссмейстер Сарвиноз Қурбонбоева билан фахрланишади. Туманда унга эргашган шахматчилар жуда кўп. Бўлиб ўтган мусобақаларда ҳам Сарвинознинг усулларини қўллаган спортчилар ғолибликни қўлдан беришмади. Ўйин жуда қизғин ва кескин ўтди.Аёллар ўртасидаги баҳсларда 40-мактаб ўқитувчиси Ситора Тошматова, эркаклар ўртасида эса ихтисослаштирилган мактаб жамоасидан Жасур Раҳимовлар биринчи ўринларга сазовор бўлишди.
Мусобақа якунида спортнинг бешта тури бўйича ғолибларга соврин ва мукофотлар тантанали топширилди.

Ботир Зикриллаев,
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Боёвут тумани кенгаши раиси

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!