Click to listen highlighted text!

СПОРТ-ҒАЙРАТ ВА КУЧ-ҚУВВАТ ДЕМАК

Донишмандлар инсон вужудини ҳаракатсиз қолдирмаслик, яъни бадантарбия, спорт билан шуғулланишни саломатликни сақловчи энг яхши чора , деганлар. Қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар тан саломатлиги зеҳннинг ортишига, ғайрат ва матонат билан ишлашга замин бўлади. Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасига шахмат, шашка, мини футбол, волейбол, стол тенниси бўйича финал мусобақаларда иштирок этишга йўл олган 275 педагогнинг ҳар бири ғолиблик умидида эди.

Аслида умид жасоратли одамларда бўлади. Баҳс, беллашув бор экан, кимдир ғолиб, яна кимдир мағлуб бўлиши муқаррарлиги ҳам уларга аён. Эрталабдан баҳслар қизғин тус олди. “Соғлом танда-сифатли таълим” шиори остидаги мусобақаларнинг ғолиби ким бўлади? Бош соврин кимга насиб этади? Касаба уюшмаси кубогини қайси жамоа қўлга киритади? Куннинг биринчи ярмида бу саволлар ҳали очиқ эди.

-Жамоалар жуда кучли,-дейди мини футбол бўйича мусобақаларда ҳакамлик қилган Шерзод Алижонов,- устозим, Гулистон шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тренери Шаҳадат Кулиев билан ўйинларни бошқариб бордик. Якуний финал мусобақаларида Сирдарё тумани педагоглар жамоасидан иборат спортчилар ғолиб бўлдилар.

– Оиламизда ҳамма шахматни яхши кўради. Бугун биринчи ўйинда дуранг натижа бўлди. Қолган рақибларимнинг ҳаммасидан қўлим баланд келди.- Боёвут туманидаги 15-мактабнинг физика ўқитувчиси Обид Давлатов қувончларини яширолмади.- Ўзимга ишонардим. Таълим соҳаси ходимлари спортга қизиқса, шуғулланса, натижаларга эришса бу ҳам ёшлар учун ҳаётий бир ибрат бўлади.
Волейболчилар ўртасидаги баҳслар қизиқарли бўлди. Мухлислар бу беллашувларни охиригача томоша қилдилар. – Мусобақаларнинг финал босқичига жуда яхши тайёргарлик кўргандик. Ҳаракатларимиз натижа берди,-дейди Мирзаобод тумани жамоаси вакили Дилдора Содиқова,-доимий машқларда одам чиниқади.
Кун бўйи давом этган муросасиз баҳслар ниҳоялаб, ғолиблар маълум бўлди. Мирзаобод тумани волейболчилари, Сирдарё тумани мини футболчилари 1-ўринларга сазовор бўлишган бўлса, худди шундай ўринни стол тенниси бўйича эркаклар ўртасида мирзаободлик Ўткир Содиқов, аёллар ўртасида Сабоҳат Сирожиддинова, шашка бўйича эркаклар ўртасида сирдарёлик Тўлқин Тишлиқов, аёллар ўртасида Гулистон шаҳридан Замира Ортиқова, шахмат бўйича эркаклар ўртасида боёвутлик Обид Давлатов, аёллар ўртасида янгиерлик Севара Очиловалар қўлга киритишди. Умумжамоа ҳисобида боёвутликлар 3, сирдарёликлар 2- поғонани эгаллашди. Мирзаобод спортчи педагоглари жамоаси эса финал босқичнинг совриндорига айланди.

Баҳор Холбекова

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!