ҚАЙТА ИШОНЧ БИЛДИРИЛДИ
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали касаба қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда қўмита раиси 2020 йил мартидан 2025 йил мартигача бўлган даврда олиб борган фаолияти тўғрисида ҳисоб берди. Қайд этилишича,2020 йилда жамоа шартномаси орқали ҳар бир ходим олган даромад миқдори 6800 000 сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 28 200 000 сўмга етган. Бугунги кунга келиб жамоа шартномасида ёшлар, аёллар учун имтиёзлар кўзда тутилган алоҳида бўлимлар ва бандлар киритилгани билан аввалгиларидан фарқланган.
Ҳисобот даврида жамоа шартномасидаги ҳамма бандлар ҳам бажарилди, деб бўлмайди. Жумладан, зарарли меҳнат шароитида ишлаётган 22 ишчи-ходимларга сут маҳсулотлари 2025 йилда тўлиқ етказиб берилмади.Жойларда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилиниши устидан жамоатчилик назорати ўрнатилганига қарамай бахтсиз ҳодисалар содир бўлаяпти.
Ҳисоботни тинглаган делегатлар қизғин музокараларга киришдилар. Ишчи-ходимларнинг спорт билан шуғулланишлари учун етарли шароит яратилишига қарамай бу соҳада ютуқлар йўқлиги танқид остига олинди. Турли мусобақалар ташкил этилишида сусткашликка йўл қўйилгани айтиб ўтилди.
Делегатлар ўз етакчиларини сайлашда яширин овоз бериш йўлини танладилар. Уч номзоддан энг кўп овоз олган Шавкат Мирзабеков яна қайта сайланди.
Бахора Холбекова