СЕМИНАР-ТРЕНИНГ ЎТКАЗИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 майдаги “Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-162 сон қарори асосида болаларни соғломлаштириш оромгоҳлари йўлланмаларини шаффоф ва қулай тарзда онлайн сотиш ҳамда бу жараёнда коррупция омилларини бартараф этиш мақсадида “Oromgohlar.uz” электрон платформаси ишлаб чиқилиб, 2024 йилда синов тариқасида ишга туширилди ва орттирилган тажриба асосида янада такомиллаштирилмоқда.
Жорий йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги барча болалар соғломлаштириш оромгоҳлари йўлланмалари тўлиқ мазкур платформа орқали сотилиши белгиланган.
Шу муносабат билан, жорий йилнинг 19-март куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгаши мажлислар залида Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти томонидан жойларда “Oromgohlar.uz” электрон платформасидан фойдаланиш ва болалар соғломлаштириш оромгоҳлари йўлланмаларини ҳарид қилиш бўйича семинар-тренинг ўтказилди.
Семинар-тренингда Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти директорининг ўринбосари Мирзамаҳмудов Ойбек Мирзамаҳмудович, бўлим бошлиғи Муратова Эьнора Муратовна, бош иқтисодчи Бекова Севинч Умидбек қизи, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Турсунмуродов Рустамбек Пирматович, Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи Усманов Ботир Эрмонқулович, тармоқ касаба уюшмалари Кенгашлари раислари ва ҳисобчилари ҳамда Сирдарё вилоятидаги “Зомин” ва “Сирдарё” болалар соғлаштириш оромгоҳлари директорлари ва ҳисобчилари иштирок этишди.
Ўтказилган семинар-тренингдан кўзланган мақсад болалар соғломлаштириш оромгоҳларининг йўлланмаларини электрон платформага жойлаштириш, уни сотиб олинишини жисмоний ва юридик шахслар томонидан онлайн амалга ошириш, ҳисобот ва статистик маълумотларни мазкур электрон базадан олиш каби масалаларда ходимларга тушунчалар бериш ва бу кўникмаларни амалиётга тадбиқ этиш.
Семинар-тренинг якунида иштирокчиларга онлайн платформадан фойдаланиш бўйича услубий қўлланмалар тақдим этилди ва ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.