ЯНГИ ОРОМГОҲ
Бугун 7 июнь куни Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилган “Сирдарё” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали очилиш маросимда Ўзбекистон касаба уюшма Федерацияси, Сирдарё вилоят хокимлиги мутасаддилари, фахрийлар ва ота-оналар иштирок этдилар.
Тадбирда ташкилотчилар томонидан бугунги кунда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан жамият ҳаётининг ҳар бир соҳасида амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишларнинг энг аввало инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганлиги алоҳида таъкидланди. Президентимиз ташаббуслари билан ишлаб чиқилиб, амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Бешта ташаббусда ижтимоий соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилгани, айниқса ёш авлод камолоти йўналишида улкан эзгу мақсад ва вазифалар мужассам эканлиги қайд этилди. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Сирдарё” болалар соғломлаштириш оромгоҳининг барпо этилиши ҳам мазкур Беш ташаббус ижросини таъминлаш мақсадига қаратилганлигини таъкидлаш зарур.
Мазкур болалар соғломлаштириш оромгоҳи 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган меҳнаткашлар фарзандларини ўз қучоғига олди. 10 гектардан зиёд майдонда қурилиб, фойдаланишга топширилган ушбу масканда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари учун 40 млрд. сўмдан ортиқ маблағ сарфланганлигининг ўзиёқ мамлакатимизда ёш авлод вакилларини ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилганлигининг ёрқин далилидир.
Шу ўринда таъкидлаш зарурки, бугунги кунда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан маънан ва жисмонан соғлом авлод тарбияси борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ва уларнинг натижалари нафақат мамлакатимиз миқёсида, балки нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Шу маънода жаҳон андозалари талабларига мос равишда барпо этилган “Сирдарё” болалар соғломлаштириш мажмуи ўзининг бетакрорлиги ва муқобили йўқлиги билан ажралиб туради десак муболаға бўлмайди. Хусусан, “Сирдарё” оромгоҳи том маънода ўғил-қизларни нафақат мароқли дам олдириш ва жисмонан чиниқтириш, балки уларнинг интеллектуал салоҳиятларини ривожлантириш, ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи марказ сифатида иш бошлади.
Бунинг учун ушбу масканда барча шарт-шароитлар яратилган.
Жумладан, меҳнаткашлар фарзандлари учун ажойиб туҳфа бўлган ушбу оромгоҳда барча қулайликларга эга Маданият ва маърифат маркази, ўзбек мутафаккирлари ва адабиёт намоёндалари билан бир қаторда жаҳон адабиёти дурдоналари сирасига кирувчи бой китоблар заҳирасига эга замонавий Ахборот-ресурс маркази, энг сўнгги русумдаги кўргазмали воситалар ва жиҳозлар билан таъминланган тўгарак хоналари, маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни ўтказиш учун мўлжалланган салобатли тантаналар амфитеатр, жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи ва махсус иситиш тизимига эга бўлган сузиш ҳавзаси, болалар майдончалари, замонавий лойиҳалар асосидаги ётоқ бинолари, барча шарт-шароитлар ва қулайликларга эга бўлган ошхона, ювиниш хоналари барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Оромгоҳда ота-оналар учун шинам суҳбат айвончалари ҳам барпо этилган. Ушбу иншоотларнинг барчаси бугун болажонлар камолотига хизмат қилмоқда.
Оромгоҳ тиббиёт мажмуида ўғил-қизларнинг саломатлиги доимий назорат қилиб борилмоқда. Болажонлар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида жаннатмакон диёримиз бағрида етиштирилган табиий неъматлар ва гиёҳлардан фойдаланган ҳолда дамламалар тайёрланиб, овқатланиш рациони дармондориларга бой таомлар билан бойитилди.
Жорий йилда 5 навбатда фаолият юритиши кўзда тутилган янги оромгоҳда 1000 нафардан зиёд ўғил-қиз мароқли дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлайди.