МАҚСАДЛАР МУШТАРАК
Биз-Марказий Осиё халқлари азалдан бир илдиздан қувват олиб келамиз. Президентимизнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” мақоласини қайта-қайта ўқирканман, бир воқеа ёдимга тушди. Бунга анча бўлди. Жамоамиздаги ходимларимиздан бири ишхонага қувониб кириб келди. Сабабини сўрагандик кўзларидан ёш чиқиб кетди.”Узоқ йиллардан буён дийдорига зор бўлган қариндошларимиз, яқинларимиз билан кўришдик. Чегаралар очилдику. Бунинг учун Президентимизни бир умр дуо қиламан” деди у. Ходимимизнинг қариндошлари қўшни Тожикистонда эди. Ҳа, давлат чегаралари билан боғлиқ йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар юртбошимиз саъй-ҳаракатлари билан ўз ечимини топди. Бугун икки давлат ўртасида транспорт қатнови йўлга қўйилган. Ходимимиз ва унга ўхшаш барча одамлар истаган пайтида бемалол яқинлари билан борди-келди қилишмоқда. Яқин-яқингача имконсиз туюлган чегара масалалари узил-кесил ҳал этилди. Тарихий аҳамиятга молик бу оламшумул воқеа ўнлаб йиллар давомида кескинлик манбаи бўлиб келган масалага нуқта қўйди. Қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамжиҳатлик, биродарлик шу каби ўз самараларини бермоқда.
“Минтақамизда кечаётган жараёнлар — бу онгли ва ортга қайтмас танлов. Ушбу йўл биздан нафақат биргаликдаги саъй-¬ҳаракатларни, балки умумий келажагимиз учун масъулиятни ўз зиммамизга олишга тайёр бўлишимизни ҳам талаб қилади” дейилади мақолада. Бу каби сўзлар эса уни ўқиган ҳар кишининг бу жараёнларда фаол бўлишига ундайди.
Марказий Осиёни кенг минтақамизда яшаётган барча миллат ва халқлар учун ягона тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт маконига айлантириш йўлида муштарак мақсадлар билан дадил қадам ташланди. Минтақа тарихида янги саҳифа очилди. Энди бутун Марказий Осиё тараққиётида юксалиш бўлади.
Рустамбек Турсунмуродов, ЎКУФ Сирдарё вилоят Кенгаши раиси

