Click to listen highlighted text!

БАЙРАМ ТУҲФАЛАРИ УЛАШИЛДИ

      Юртимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан, шунингдек, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси юзасидан  республикамиз бўйлаб кам таъминланган аёллар, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари бўлган, иқтидорли ўрта-махсус ва олий ўқув юртлари талабаларига, ҳамда Ватан тинчлиги йўлида ҳалоқ бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси совғалари топширилмоқда.

       Вилоятимизнинг туман ва шаҳарларида истиқомат қилувчи 214 та кам таъминланган оилалар аёллари, 10 нафар иқтидорли талабалар ва хизмат чоғида ҳалок бўлган 8 нафар  ҳарбий хизматчиларнинг оилалари ҳам  бундай эътибордан четда қолишмади.

     Яқинда Сирдарё вилоятининг олис Сардоба туманидаги Болалар мусиқа ва санъат мактаби фаоллар залида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан  мамлакатимиз Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остидаги тантанали байрам тадбири ўтказилди.

   Тадбирни вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси К.Акбутаев очди ва  йиғилганларни яқинлашиб келаётган Истиқлол айёми билан қутлади. Сўзга чиққанлар ўз сўзларида инсон қадри улуғланаётган юртда ҳеч ким меҳр, ғамхўрлик ва рағбатдан четда қолмаслигини таъкидладилар.

    – Шуни алоҳида айтиш жоизки, Истиқлол йилларида кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, аёлларнинг меҳнатини енгиллаштириш ҳамда уларнинг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш масалаларига ҳукумат миқёсида алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди К.Оқбўтаев ўз сўзида. –  Ушбу йўналишда касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мана 4 йилдирки, энг улуғ ва энг азиз байрамимиз олдидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан  “Касаба уюшмалари –хотин-қизларга”, “Касаба уюшмалари – талабаларга”, “Касаба уюшмалари – ҳарбийларга” ва бошқа акциялар доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида, шу жумладан Сирдарё вилоятида ҳам тадбирлар ўтказилиб келиняпти. Ушбу тадбирларда асосий эътибор аҳолининг ижтимоий муҳтож қатламига қаратилмоқда.

    – Айниқса, қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи аёлларимизнинг қўл меҳнатини енгиллаштириш мақсадида электр маиший техника жиҳозлари туҳфа этилаётганлиги эътиборга моликдир, – дейди Сардоба тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулчеҳра Жумабекова. – Мана бугун ҳам туманимиздан 24 нафар хотин-қизнинг хонадонига касаба уюшмаларининг совғалари – кир ювиш машиналари, электр печ ва чанг юткичлар, мультиварка ва электр плиталар кириб борди. Бу жиҳозлар аёлларимизнинг уй юмушларини бажаришида жуда ҳам асқотади.

      – Мен ҳам “Касаба уюшмалари – аёлларга” акцияси доирасида кир ювиш машинасини совға сифатида олдим, – дейди Сардоба туманилик Ибодат Атикова. – Олти нафар фарзандим борлигини ҳисобга олганда, ушбу жиҳоз менга қанчалар  кераклигини ва уй меҳнатимни енгиллаштиришини тасаввур қилиш қийин эмас. Мен анчадан буён шундай жиҳозни харид қилишни орзу қилардим, бугун шу орзуимга эришдим. Касаба уюшмаларидан жуда миннатдорман.

   Тадбирда, шунингдек, “Касаба уюшмаси -ҳарбийларга” акцияси доирасида хизмат чоғида ҳалок бўлган марҳум сержант Умарали Аманликовнинг турмуш ўртоғи Муқаддас Аманликовага касаба уюшмаларининг моддий ёрдами сифатида пул маблағи топширилди.

   – Касаба уюшмаларидан жуда жуда миннатдорман, -дейди М.Аманликова. – Улар бизнинг оиламизни ҳамиша эътибордан четда қолдирмайдилар. Йил давомидаги байрамлар арафасида албатта  касаба уюшмалари вакиллари ҳолимиздан хабар олиб, совғалар келтиришади.

          Шу куни Сардоба туманидаги Пахтаобод қишлоқ хўжалик коллежи талабаси Зарифа Эштемировага “Касаба уюшмалари – талабаларга” акцияси доирасида 6 ойлик касаба уюшмалари стипендияси бир йўла топширилди.

         – Мен ва синглим 75 ёшли бувим Қорасоч Шоимованинг қарамоғида яшаймиз, – дейди Зарифа биз билан суҳбатда. – Коллежда аъло баҳоларга ўқиётганлигим туфайли  касаба уюшмалари стипендиати бўлдим, Бу маблағлар менга бошланаётган ўқув йилида кийим бош ва ўқув қуроллари харид қилиш учун жуда керак эди. Ҳомийлардан миннатдорман.

         Шунингдек, тадбирда Сардоба тумани тиббиёт бирлашмасида лаборант вазифасида фаолият кўрсатувчи Жумагул Исоқовага “Умид гулшани” санаториясида даволаниш учун бепул йўлланма топширилди. Айтиш жоизки, бундай йўлланмалар вилоят ҳудудидан 4 нафар эҳтиёжманд аёлларнинг саломатликларини тиклаш мақсадида ажратилган бўлиб, тадбирлар давомида тақдим этилмоқда.

         Шу куни худди шундай тадбир Оқолтин туманидаги Оқолтин гидромелиорация ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг фаоллар залида бўлиб ўтди. Бу ерда оқолтинлик 14 нафар аёлга электр маиший техника жиҳозлари ва бир нафар иқтидорли талаба қизга касаба уюшма стипендияси топширилди.

         Ҳар иккала тадбирда  ҳамкор ташкилотлар вакиллари, касаба уюшма фаоллари  ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

           Байрам тадбирлари куй-қўшиқ ва шўх рақслар билан узоқ давом этди.

                            Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!