Click to listen highlighted text!

ҲУҚУҚИЙ САВОДХОНЛИК-ФАРОВОН ЖАМИЯТ АСОСИ

     Яқинда “Сирдарё ИЭС» очиқ акциядорлик жамиятида вилоят касаба уюшмаларининг юридик ҳамда Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлимлари томонидан ўқув-семинари ўтказилди.

     Семинарни “Сирдарё ИЭС»  ОАЖ  касаба уюшма  қўмитаси раиси  С. Ярбеков бошқарди ва 65 нафар ишчи ходимлар қатнашдилар.    Тадбирда асосий мавзу – Меҳнатни муҳофаза қилишга оид ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар мазмуни, ташкилот ва муассасаларда меҳнат муҳофазаси борасидаги салбий ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар,    Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигининг асосий меъёрлари ҳамда Халқаро Меҳнат Ташкилоти Конвенциялари мазмун-моҳияти ҳақида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Б.Исматов, бирлашма юридик бўлими мудири Ш.Умаралиева ва етакчи юристконсульти С.Тоғаевлар ўз маърузалари билан қатнашдилар ва семинар иштирокчиларига батафсил маълумотлар берилди.

      Шунингдек, бирлашма юристлари  иштирокчиларга Одам савдосига карши курашиш тўғрисидаги қонун  ҳамда Ўзбекистон Республикасининг  жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги  қонуни моҳияти тўғрисида тушунчалар бердилар.

      Корхона ишчи ёшлари шунингдек, ҳуқуқшунос Санжар Тоғаевнинг Ўзбекистон Республикасида ёшлар меҳнатини ҳуқуқий тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари ва бунда касаба уюшмаларининг роли мавзусидаги маърузасини катта қизиқиш билан тингладилар.

     – Айни вақтда энг долзарб бўлган масалалар   йиғилиш қатнашчилари ҳуқуқий саводхонлигини оширишда катта аҳамият касб этди, – дейди корхона бошланғич касаба уюшма ташкилоти раҳбари Саид Ярбеков.

   Семинар сўнгида иштирокчиларга бирлашма юридик бўлими ходимлари томонидан   керакли маълумотлар билан тўлдирилган буклетлар тарқатилди.

Бирлашма юридик бўлими

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!