Click to listen highlighted text!

ФАОЛИЯТ ТАҲЛИЛ ЭТИЛДИ

Жамоа шартномаси – амалда

“Сирдарёавтойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти ва ташкилот касаба уюшмаси ўртасида 2016 – 2018 йилларга тузилган  Жамоа шартномаси  ташкилот иш берувчиси билан ишчи-ходимлар ўртасидаги меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжат вазифасини бажариб келмоқда. Яқинда 2016 йил давомида жамоа шартномаси ижросига бағишланган меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими бош мутухассиси Сардор Салоҳиддинов, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими етакчи мутахассиси Улуғбек Таниқуловлар иштирок этишди.

          Ташкилот директори ўринбосари У.Чоршанбоев ва бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси А.Элмурадовларнинг ходимларнинг ижтимоий – иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш мақсадида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди.  Таъкидланганидек, 2016 йил давомида жамоа шарномасининг 20 та бўлимидаги 165 та бандларнинг ижросига доимий эътибор каратилиб,  уларнинг бажарилиши бўйича жамоат назорати олиб борилган.

          Жумладан, ташкилотда иш вақти меҳнат қонунларида кўрсатиладиган ҳафталик  40 соатлик иш соатдан ошмаган ҳолда 5 кунлик асосида ташкил қилинган. Иш кунининг давомийлиги, ундан фойдаланиш тартиби, ишнинг бошланиши ва тугаш вақти  жамоа шартномага илова қилинган ички меҳнат тартиби коидалари билан тартибга солинган.

Ходимларнинг навбатдаги меҳнат таътиллари учун белгиланган тўловлари, таътил бошланмасдан олдинги охирги иш кунларида тўланишига риоя қилинмоқда.

2016 йил давомида мехнат таътилига чиққан 21 нафар ишчи-ходимларга “Жамоа шартнома”да белгиланган 15 иш кунлик асосий таътилга қўшимча равишда берилаётган 9 иш кунлик қўшимча таътилларга 14661,1 минг сўм миқдорда тўловлар амалга оширилди.

           Жамоа шартномасига илова сифатида ҳар йили тузиладиган Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича битимга биноан, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги ҳамда ёнгин хавфсизлиги аҳволини яхшилаш юзасидан белгиланган тадбирларга, шунингдек, ходимларнинг ҳимоя воситалари ва хўжалик совунлари билан таъминланиши  тадбирлари учун  4798,0  минг сўм  миқдорда маблағ сарфланди.

 “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидалари”  талабларига мувофиқ бирлашма ходимлари ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан қонун ҳужжатлари талабларига асосон суғурта қилинди ва ушбу тадбирга 378.0 минг сўм маблағ сарфланди.

Жамоа шартномасининг 12.2.-банди  бўйича ўтган  йил давомида        2 нафар ходимларнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик кунлари учун 1707,5 минг сўм маблағ тўлаб берилди. Шунингдек, жамоа шартномаси бандларига мувофиқ  меҳнат таътили даврида   ходимларни соғломлаштириш учун лавозим маоши миқдорида моддий ёрдам пули, куз мавсумида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб олишлари учун ­Республикамизда белгиланган энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида моддий ёрдам пули тўлаб берилган.

          Аёллар ва ёшлар меҳнатини тартибга солиш, улар учун белгиланган имтиёз ва кафолатлар, маданий-маърифий, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт ишлари бўлимлари бандлари ижроси ҳақида ҳам маълумотлар ҳисобот матнида акс этди.

         Мавзу юзасидан меҳнаткашлар ва касаба уюшма фаоллари сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

         Йиғилиш якунида ташкилот директори ўринбосари У.Чоршанбоев келгусидаги бажариладиган ишлар, мамлакатимиз Президенти томонидан белгиланган 5 та Харакатлар Стратегиясида, шу билан бирга 14 февралда қабул қилинган  “Йўл ҳўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” Фармонидаги  вазифалар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Озода МАМАДАЛИЕВА,

“Ishonch” мухбири

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!