Click to listen highlighted text!

ШИРИН БОЛА, ТЎЙ БОЛА!

       “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлашда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 мартдаги 346-ф-сонли Фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2017 йил 6 апрель 6-45 “с” сонли қарорига кўра жорий йилнинг 27 апрель-02,12,15 май кунлари ижтимоий ҳимояга муҳтож, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, тўй қилиш имконияти чекланган, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, шунингдек “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларининг суннат ҳамда никоҳ тўйлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, “Маҳалла” жамоат фонди, “Камолот” ЁИҲ ва бошқа жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигида ўтказилмоқда.

Одамларга меҳр-мурувватли бўлиш, моддий ва маънавий кўмак бериш ўзига хос тарбия мактаби ҳамда авлодлар ва аждодларни боғлаб турган маънавий ришта сифатида «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури тадбирларида ҳам ўз ифодасини топмоқда.
“Инсонга наф келтириш-олий бахт” шиори остида фаолият юритаётган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бир қатор жамоат ташкилотлари иштирокида ҳудудларда катта шодиёна билан ўтказилаётган хайрия-суннат ва никоҳ тўйларида халқимизнинг бағрикенглик ва саховатпешалик фазилатлари намоён бўлмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида ўтказилди. Тўй туманнинг Қаропчи маҳалласи марказида жойлашган, байрамона безатилган «Марварид» тўйхонасида бўлиб ўтди. Эрта тонгдан карнай-сурнай садолари барчани тўйга чорлади. Сарполари ўзларига ярашган 18 нафар тўйбола ҳамда уларнинг яқинлари юзида қувонч ва ҳаяжон билан кириб келдилар.
Тадбир ташкилотчилари, хусусан, Сирдарё вилоят Ҳокими Ғофур Мирзаев, «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раҳбари Тоир Маъмуров ва бошқалар сўзга чиқиб, инсон манфаатлари амалда қадр топган мамлакатимизда савобли ва хайрли ишлар янада кўпайиб бораётганини таъкидлаб, тўй болаларга Ватан корига ярайдиган камарбаста инсонлар бўлишларини тиладилар.
Тўй болаларнинг ҳар бирига “Халқ банки” бўлимида ҳисоб рақамлари очилиб, бир миллион сўмдан маблағ қўйилган омонат дафтарчалари, бош-оёқ сарпо ҳамда “Камолот” ЁИҲнинг совғалари – бадиий китоблар топширилди.
Эл севган хонандалар Асатилло Холиқов, Иброҳим Қурбонов ва бошқалар ижросидаги куй-қўшиқлар, “Сирдарё наволари” ансамбли раққосалари ижро этган дилбар рақслар, О. Хўжаев номли вилоят мусиқали драма театри актёрлари томонидан тайёрланган эртак қаҳрамонлари иштирокидаги қувноқ томошалар даврага байрамона файз ва шукуҳ бағишлади.
– Ўғилларим Қодиржон ва Ёдгорбекларнинг, улар билан бирга яна 16 нафар фарзандларимизнинг хатна тўйларини ташкиллаштириб, чиройли қилиб ўтказиб берган аввало, Президентимизга, сўнгра вилоятимиз раҳбарларига мингдан минг раҳмат! Мен ўз навбатида фарзандларимни эл корига ярайдиган қилиб тарбиялашга сўз бераман, – деди ҳаяжонланиб Боёвут туманидаги “Истиқлол” маҳалласида истиқомат қилувчи Шаҳноза Абдуллаева.
– Катта бўлсам яхши одам бўламан, раҳбар бўламан, менга тўй қилиб берган бобожонимга, Ватанимга хизмат қиламан, – деди ўз навбатида кўзлари севинчдан порлаб турган Ёдгорбек.
— Бугун Ширин шаҳри, Ховос ва Боёвут туманларидан 18 нафар боланинг суннат тўйи ўтказилди, – деди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси ўринбосари Қаршибой Эшназаров. — Ушбу тўй ана шу жажжигина ўғлонлар хотирасида яхшилик, меҳр-саховат рамзи сифатида бир умр ¬муҳрлариб, уларни ҳамиша хайрли ишларга ундаб туриши аниқ.        Меҳр-саховат тадбирларимиз энди Мирзаобод туманида давом этади.

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!