Click to listen highlighted text!

ИЖОД АҲЛИ ТАҚДИРЛАНДИ

Мамлакатимизда рўй бераётган воқеликларни журналистик маҳорат билан чуқур ёритиш, халқимизни фаолликка, камарбасталикка чорлаш, руҳини кўтариш, давлатимизнинг тинчлик ва фаровонлик сари олиб бораётган  сиёсатини қўллаб-қувватлашдек  ўта масъулиятли вазифа  журналистлар зиммасида бўлиб, бу шарафли ишни амалга оширишда бугунги кун талабларига мос қадам ташлаш ҳар бир ижодкордан талаб этилмоқда. Замонамиз шиддати журналистларни ҳам шиддатли, холис, қалами ўткир бўлишга ундамоқда.   27 июнь – Матбуот ва ОАВ ходимлари куни муносабати билан Гулистон шаҳридаги “Аср” кафесида байрам тадбирида сўзга чиққан  вилоят ҳокими Ғофиржон Мирзаев ва бошқалар ОАВ воситаларининг кундалик ҳаётимиздаги аҳамияти ҳақида таъкидлаб, “тўртинчи ҳокимият” ходимларининг жамиятимиз ривожига қўшаётган ҳиссасини эътироф этдилар.

         Шундан сўнг вилоятнинг энг фаол журналистларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. “Халқ сўзи”  ва “Қишлоқ ҳаёти” каби республика газеталарининг  вилоятдаги  мухбирлари – Аҳмадали Шерназаров ва Бозорбой Бекмуродовлар, “Сирдарё ҳақиқати-Сирдарьинская правда” газеталари мухбирлари Мамадали Аҳмедов ва Тўлқин Аҳмадалиевлар, шунингдек, “Ширин садоси”, “Янгиер тонги”, “Давр ёшлари” газеталари  мухбирлари вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.  Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо эсдалик совғалари вилоят хотин-қизлар қўмитаси нашри – “Ойдин йўл”  газетаси-“Oydinyol.uz” веб-сайти бош муҳаррири Зебо Ҳайдарова ва Сирдарё телеканали муҳаррири Раҳима Жумабоеваларга  тантанали топширилди.

– Даврамизда рағбатлантирилмаган қаламкаш қолмади, вилоятда фаолият юритаётган ҳар бир тизим, соҳа, давлат, нодавларт ва жамоат бирлашмаларидан вакиллар келиб, журналистларимиз қучоғини  гулларга тўлдирдилар, – дейди Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Жумабой Қосимов. – Бундай эътирофдан албатта, бошимиз осмонга етди. Ўйлайманки, Сирдарё ижод аҳли ҳам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ОАВнинг олдига қўйган талабларидан келиб чиқиб, фаолиятларини қайта кўриб чиқадилар, одил ва холис ёндашувни, тезкорлик ва аниқ таҳлилни бош қоида қилиб оладилар.

Моҳира Йўлдошева, Сирдарё вилояти

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!