Click to listen highlighted text!

ЮҚОРИ КАЙФИЯТ ВА РУҲЛАНИШ БИЛАН

            Шу кунларда бошланаётган янги ўқув йилига тайёргарлик жараёни ниҳоясига етмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши, айниқса, ёш авлод маънавиятини юксалтиришга масъул бўлган барчага катта вазифалар юклади. Шу муносабат билан таълим тизими ходимларини рағбатлантириш, уларда ишчанлик кайфиятини кўтариш мақсадида Сирдарё вилоят халқ таълими бошқармаси тизимидаги бир гуруҳ фаол ўқитувчилар учун саёҳат ташкил этилди. Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ташаббуси билан 50 нафар ўқитувчи ходимлар 28- 29 август кунлари гўзал Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштиришди.

            – Давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган йиғилишни диққат билан тингладим, – дейди Боёвут тумани 40 – сонли умумтаълим мактаби география фан ўқитувчиси Одил Хўжамуродов. – Шу соҳа вакили сифатида таълимга, унинг ходимларига бўлган бу юксак эътибордан беҳад қувондим. Сўнгги йилларда касбимизга қаратилаётган эътибор туфайли мамлакатимизда эркак ўқитувчилар сони ортганлиги аниқ рақамларда эътироф этилди. Бу сон аҳамиятли эканлиги бошқалар қатори мени ҳам руҳлантирди. Қўлимдан келганича ўз устимда ишлаб, бор билимимни ўқувчиларга бериб, фидойилик билан меҳнат қилишга ҳаракат қиламан.

             – Ўқув йили олдидан бу каби саёҳат ташкил этилиши биз учун яна бир карра эътибор намунаси бўлди, – дейди вилоят ўқитувчилар малакасини ошириш институти ўқитувчиси Насиба Юнусметова. – Бу устозларнинг кўпчилигини танийман. Энг иқтидорли, кўп йиллик тажрибага эга, кўплаб билимли шогирдлар устози бўлган шу касбнинг чин маънода фидойилари таклиф этилган. Улар орасидаги ёшлар ҳам турли кўрик – танловлар ғолиб ва қатнашчиларидир. Саёҳат давомида ҳамкасблар билан суҳбатлашиб билдимки, ҳар биримиз ўз зиммамиздаги масъулиятни ҳар галгидан кўра жиддийроқ фахмламоқдамиз. Айтишим мумкинки, янги ўқув йилини юқори кайфият ва руҳланиш билан бошлашга тайёрмиз.

                Икки кунлик саёҳат давомида муаллимлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига қарашли “Нодир – Самарқанд” меҳмонхона мижози бўлиб, шароитлардан мамнун бўлишди.

 

ВКУТБ  маданий-маърифий ва спорт ишлари 

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!