Click to listen highlighted text!

“ХАТГА ТУШДИНГ- БАХТГА ЕТДИНГ”

Касаба уюшмалари Федерацияси, Маҳалла вазирлиги таркибида тузилган Республика Комиссияси томонидан “Аёллар дафтари” тузиш ва қайд ишлари тезкор амалга оширилмоқда. Жумладан, Сирдарё вилояти туман ва шаҳарларида хотин-қизларнинг яшаш шароитлари, муаммолари ўрганилмоқда.
Вилоятда жами 190 та маҳалла мавжуд бўлиб, хонадонлар сони 128 минг 406 тани ташкил этади. Шу кунгача 145 та маҳаллада истиқоматда бўлган 93 минг 708 нафар аёллар билан суҳбат ўтказилди. Мулоқотларда аён бўлган муаммолар “Аёллар дафтар”ига қайд қилинаётир. Ногиронлиги бўлган, ёлғиз яшовчи, ишсизлиги каби ижтимоий аҳволи ўрганилмоқда.
Шу ўринда дафтар битиклари опа-сингилларнинг ишонч ва суянч устунига айланганини эътироф этайлик. Сабаби, дафтарга киритилган хотин-қизлар билан доимий ишлаш тизими жорий этилди. Жумладан, Ховос тумани ва Янгиер шаҳар маҳаллалари “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз аёллар бандлигига кўмаклашилди. Ишлаш истагини билдирган жами 35 нафар аёллар меҳнат инспектори ёрдамчиси лавозимига ишга олиниб, бандлиги таъмин бўлди.
“Аёллар дафтари”ни шакллантириш жараёнида Янгиер шаҳрида 11 нафар аёлларнинг нотурар жойда яшаб келаётгани аниқланди. Бундай оғир шароитдаги турмушни дарҳол яхшилаш мақсадида шаҳар ҳокимлиги томонидан “Наврўзобод” мфйдаги бўш турган бино таъмирланиб, уй-жой кўринишига келтирилмоқда. Шунингдек, оилаларни 2021- йилда қуриладиган арзонлаштирилган уй-жойларга жойлаштириш иш режаси киритилди.
Ховос туманида ҳам 53 нафар аёлларнинг нотурар бинода кун кечириши аён бўлди. Туман ҳокимлиги томонидан Барно Сангилова ва Сайёра Эгамбердиеваларни ҳокимлик ҳисобидаги 2 хонали, 2 сотихли уй-жойлар билан таъминлаш чоралари кўрилди.
-Ватанимизни жуда яхши кўраман. Қаерда бўлмайлик унинг ҳимоясини сезамиз. Ўзим Андижон вилояти, Жалақудуқ туманида туғилганман. Тақдир экан, Сирдарё вилоятида яшаб келмоқдаман. Бу йил ҳаётимизда катта йўқотиш бўлди. Турмуш ўртоғим вафот этди, икки нафар фарзандим билан ҳаётнинг ташвишлари олдида ёлғиз қолдим, -дейди Шоира Қурбонбекова.- Яхшиям маҳалладагилар ахволимни билиб хабар олиб туришди. Норасмий ишда ишлаб келаётган эдим. Карантин чекловлари сабаб уйда ўтиришимга тўғри келди. Шундай пайтда озиқ-овқат билан таъминлаб туришди. Яшаб турган жойимга “ишчи гуруҳиданмиз, нима муаммоингиз бор”, деб сўраб келишди. Ҳимоясиз қолмас эканмиз. Мана яшаш хонадонига эга бўлишимизни айтишди. “Хатга тушдинг, ўтга тушдинг” иборасини бемалол, “Хатга тушдинг- бахтга етдинг” деб ўзгартирадиган бўлдик.
Шоирахоннинг айтишича, қарийб ўн йилдан буён Ховос асфальт бетон заводи тасарруфидаги нотурар бинода икки нафар вояга етмаган фарзанди билан яшаб келаётган экан. Шукурки, оиланинг мусибати арийдиган бўлди. Касаба уюшмалари кўмаги билан уй-жой олиб бериладиган бўлди.
Айни пайтда ишчи гуруҳнинг ўрганишлари давом этмоқда.
Оилалар мушкулини осон қилиш, аёллар бахтиёрлигини таъминлаш, уларга кўмак бериш заруриятлари дафтарларга қайд қилинмоқда.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!