Click to listen highlighted text!

МАШАҚҚАТДАН САОДАТ ИЗЛАБ

             Ҳамма ҳар куни фойдаланувчи катта – кичик йўллар борки, уларнинг ўз қаровчиси, таъбир жоиз бўлса, “эгаси” бор. Гулистон тумани йўлсозлари умумфойдаланувдаги 127 километр масофадаги  йўлга хизмат кўрсатади.  Айтиш мумкинки, фасл инжиқликларига бардош бериб, ҳам ақлни, ҳам билакни ишга солиб, аниқ ҳисоб билан равон йўллар бунёдкорлигига ҳисса қўшишмоқда. Уларнинг зиммасида йўлни таъмирлаш билан бирга пиёдалар ўтиш жойини белгилаш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл белгилари, тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш ишлари ҳам бўлиб, вазифаларни бахоли қудрат амалга оширишмоқда.

              Жорий йилда давлат аҳамиятидаги автомобил йўлларида 898, 9 млн сўмлик жорий таъмирлаш ишлари бажарилиб, бунёдкорликка ҳисса қўшилди. Маҳаллий аҳамиятдаги 81 км йўлларга 510 млн сўм сарфланиб, жорий таъмирланди.

              Бугун мамлакатимизда ободликнинг янги босқичи бошланиб, йўловчи ва ҳайдовчилар учун ноқулайлик туғдираётган барча турдаги йўлларда кенгайтириш, қайта қуриш ишлари олиб борилмоқда. Айниқса, охирги икки йилда йўлга қўйилган “Обод қишлоқ ”  Дастури бўйича ички хўжалик йўлларида 15 километрдан зиёд бўлган йўлларда таъмирлаш ишлари бажарилди.

             Кези келганда айтиш жоизки, қадоқ қўл эгаларининг меҳнатдан қадр топишига маъмурият ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида имзоланган жамоа шартномаси асос бўлмоқда. 2018 – 2020 – йилларга мўлжалланган жамоа шартномаси ходимларга қатор имтиёз ва қулайликлар учун хизмат қилмоқда.

             Иш ҳақлари ўз вақтида тўланиши, белгиланган озиқ – овқат ва йўл пуллари миқдори доимий назоратга олинган. Меҳнат муҳофазаси тадбирларига ҳар йили маблағ ажратилиб келинмоқда. Қолаверса, йўлсозлар учун махсус кийим – бош, ҳимоя воситалари олиб бериш белгиланган. Бу каби ишларнинг йўлга қўйилгани исботи ўлароқ, шу кунгача бахтсиз ҳодисалар юз бериши олди олинган.

            Касаба уюшмаси аралашуви билан сўнгги йилларда ходимлар тиббий кўриги учун маблағлар маъмурият томонидан молиялаштирилмоқда.

           Шунингдек, байрам тантаналари муносабати билан мукофот пуллари бериш, фидойи ходимларга совғалар бериш тартиби амал қилади.

         Жами 58 нафар аъзоларни бирлаштирган қўмитага 11 йилдан буён Раҳима Карвонова раислик қилмоқда. Тажрибали касабақўм раиси доимо йил бошида бажарилиши лозим бўлган тадбирларни белгилайди. Албатта, уларнинг амалга ошишида ўзи бош бўлади. Касаба уюшма аъзоларининг бўш вақтларини  мазмунли ташкил қилиш мақсадида кўплаб маънавий – маърифий тадбирлар уюштирилмоқда. Байрамлар муносабати билан узайтирилган таътил кунларида саёҳатлар ташкил этилаётир. Бу йил 50 нафар аъзоларнинг Туркистон шаҳридаги қатор мажмуалари зиёрат қилинди. Яқинда вилоят мусиқали драма театрининг қайта таъмирланган биноси фойдаланишга топширилди. Шу кунларда ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун  театр томошаси чипталари олиб бериш режалаштирилган.

           Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш инустрияси ходимлари касаба уюшмаси Сирдарё вилояти бирлашган қўмитаси томонидан мунтазам равишда амалий ёрдамлар бериб келинаётгани фаолиятнинг низом талабларига мос йўлга қўйишда хизмат қилмоқда.

Озода МАМАДАЛИЕВА,

«Ishonch»  

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!