МАРҲУМНИНГ ОИЛАСИГА 386 МИЛЛИОН СЎМДАН ОШИҚ МАБЛАҒ УНДИРИЛАДИГАН БЎЛДИ
Эшитган одам борки, бу воқеадан титроққа тушди. Уч йил бурун оналаридан ажраган уч ўғил энди отасиз қолганди. Айниқса Ҳамза Ирисбоевни эрталаб ишга кетаётганини кўрган танишлари “Соппа-соғ эдику” дея қулоқларига ишонишмасди.
У ўз ишининг моҳири эди. 30 йилдан буён “Сирдарёсувтаъминот” АЖ Гулистон шаҳар бўлимида оқова сув тармоқлари ва тозалаш иншоотлари устаси сифатида меҳнат шартномаси асосида ишлаб келарди. Ўша куни ҳам ўз вазифасига сидқидилдан киришди. Устанинг тўнғич ўғиллари мустақил ҳаёт йўлларига тушиб олишган. Кенжаси Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали 3-курс талабаси. Ота кўпроқ шу ўғлига қайишади. Ҳаёлини бўлмай илм олишини истайди. Уларнинг келажаги учун тинмай меҳнат қилади.
Одатий иш кунларининг бирида тармоқда рўй берган носозликни бартараф этаётган чоғида бахтсиз ҳодиса юз берди: сув оқиши оқибатида Ҳамза Ирисбоев иш жойида вафот этди. Ҳодиса юзасидан махсус текширишлар ўтказилди. Далолатнома расмийлаштирилди. Унга кўра, марҳумнинг олти йиллик ўртача ойлигидан кам бўлмаган миқдорда бир марта бериладиган нафақа ҳамда ойма-ой зарар пулларини белгиланган тартибда расмийлаштириш иш берувчи зиммасига юклатилди. Шунга қарамай, “Сирдарёсувтаъминоти” АЖ бу масалага бефарқ қараб келди. Марҳум Ҳамза Ирисбоевнинг ўғли Муҳиддин Қувондиқов ёрдам сўраб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилоят кенгашига мурожааат қилди.
Кенгаш М.Қувондиқов манфаатида Гулистон туманлараро судига даъво аризаси киритди. Суд иш материаллари билан танишиб чиқиб, ҳужжатларда тўпланган далилларга ҳуқуқий баҳо бериб даъво аризасини қаноатлантирди. Жавобгардан манфаатдор шахс М.Қувондиқов фойдасига жами 386.299.204 сўм ундириладиган бўлди.
Баҳор Холбекова,