ЗОМИН- ДУРУ ГАВҲАРЛАР МАКОНИ
– Она юртимиз бағридаги “Қизил китоб”га киритилган ноёб шифобахш ўсимликларнинг 20 дан ортиқ турлари борлигини энди билдим. Уларни ўз кўзимиз билан кўрдик, арчазорлар оралаб тоза ҳаводан симирдик. Қандай бўлса шундайлигича асраб, сақланаётган маконда сайр қилиб, роҳатландик. Юрсанг, кўрсанг, саёҳат қилсанг яна ҳам билиминг ошиб, тафаккуринг кенгаяркан. Ўз юртингнинг ҳали билмаган дуру гавҳарларидан воқиф бўларкансан,- дейди Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси Шаҳноза Назарова,- Зоминга қилган саёҳатимиз давомида бунга амин бўлдим.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти Кенгаши томонидан ташкилот ва корхоналардаги касаба фаолларидан 50 нафар аёлларнинг Зомин миллий табиат боғига саёҳати уюштирилди. Улар табиат қўйнида сайр қилиш баробарида ўзаро иш тажрибаларини ўртоқлашдилар.
-Манзара ниҳоятда гўзал,-дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси педагог кадрларни тайёрлаш ва касбий ривожлантириш шўъбаси раҳбари Зулфия Неъматова,- машҳур осма кўприк ва арқонли йўлда юриб завқландик, бу лаҳзаларни суратларга муҳрладик. Энг муҳими ҳаммамиз бир-биримиз билан эски қадрдонлардек яқинлашиб кетдик. Зомин саёҳати унутилмас бўлди. “Зоминсой” меҳмонхонасидаги иззат-икромлар, мароқли ҳордиқ учун ташкилотчиларга раҳмат.
Саёҳатчилар сафида касаба уюшмалари вилоят кенгаши хотин-қизлар комиссиясининг 11 нафар аъзолари ҳам бўлиб, гўзал табиат қўйнида улар келгусида фаолиятларини янада жонлантириш, хотин-қизларга бўлаётган эътиборни барча бўғинларда тарғиб қилиш режаларини келишиб олдилар.
Ширинхон Умаралиева

