КАСАБА ФАОЛЛАРИ “ЭЪТИБОР” МУЗЕЙИДА
Вилоятимизда воҳа тарихи, ўтмиши билан қизиқувчи, унга оид ашё ва маълумотларни тўплаб келажак авлодга асраб келаётган фидойи инсонлар бор. Янгиерлик Райимберди Расулбердиев шулардан бири. У шаҳарда ўз шахсий музейини ташкил қилган.
Ундан узоқ йиллардан бери йиғиб, кўз қорачиғидек асраб юрган осори атиқалар, турли ашёлардан иборат 400 дан зиёд экспонатлар жой олган. Пенсияси ва топган даромадининг катта қисмини шу музейни кенгайтириш ва бойитишга сарфлаб келаётган Райимберди Расулбердиев асли қурувчи. Тарихга муҳаббат, қадимий ашёларни йиғишга бўлган қизиқиш яхшигина музей барпо бўлишига олиб келди.
“Эътибор” номли бу музейга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмурадов бошчилигида бир гуруҳ касаба уюшмалари фаоллари, тармоқлар раислари ташриф буюриб, музей билан танишдилар. Улар бу ердаги Мирзачўл тарихига оид экспонатлар, чўлни ўзлаштиришда фидойилик кўрсатган давр қаҳрамонларининг суратларидан иборат кўргазмаларни қизиқиш билан кўздан кечирдилар.Бу маскандаги иқлим барчанинг кўз ўнгида бир зум бўлса ҳам кечаги кун манзарасини намоён эта олди.
Касаба уюшмалари фаоллари музейнинг кейинги фаолияти ривожланишига ўз хиссаларини қўшишни, музейга доимий ташрифлар уюштиришни режа қилиб олишди.

