Click to listen highlighted text!

ОҚЛАНГАН ИШОНЧ

Касаба уюшмалари сўнгги йилларда нодавлат сектор ҳисобланган хорижий ва хусусий корхона ходимларини ҳам ўз аъзолари сафида бирлаштириб келаётир. Бу ўз навбатида у ерда ишловчиларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатини оширишга ва корхонада меҳнат тартиб- таомилларига амал қилинишига сабаб бўлаётир.
“Индорама агро” хорижий корхонаси масъулияти чекланган жамиятида касаба уюшмаси тузилганига кўп бўлгани йўқ. Шундай бўлишига қарамай жамоа шартномаси тузилган ва унинг бандлари бажарилишига эришилди. Бунда тармоқ ходимларининг иш берувчи ва ишловчи ходимларга тизим ҳақидаги тарғиботи ва кенг тушунча бериб келаётгани кўмакчи бўлди. Шу давр мобайнида корхона бошланғич ташкилоти раиси этиб сайланган Шерзод Алибоев анча “пишди”. Масалан, яқинда юз берган ҳолатда ҳам айнан касаба уюшмасининг аралашуви ва қатъийлиги сабаб ходим ишида қолди.
Гап шундаки, хорижий корхонанинг Сардоба туман бўлимида хавфсизлик ёрдамчиси бўлиб ишлаб келаётган Рустам Анорбоевнинг меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинди. Бунга ходимнинг ишлаш давомидаги турли камчиликлари асос қилиб келтирилган. Холбуки, буйруқ чиқарилган вақтда Р.Анорбоев саломатлигини тиклаётган, касаллик варақаси мавжуд эди. Ана шу вазиятда корхона касаба уюшма раиси бунга розилик бермади ва буйруқ шу куннинг ўзида бекор қилинди.
Шундай бўлишига қарамай, икки ой давомида ходимнинг ишга келишига тўсқинлик қилинди.
Вазият ҳақидаги мурожаатдан сўнг Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси вилоят бўйича масъул ташкилотчисининг аралашуви, меҳнат қонунчилиги тушунтирилиши билан Р.Анорбоев ўз вазифасини давом эттирадиган бўлди. Шунингдек, ўтган вақт учун қарийб 12 миллион сўм иш ҳақлари тўлаб берилди.
Касбнинг номини оқлаш уни эгаллашдан кўра машаққатлидир. Бу ибора, айниқса, касаба уюшмаси тизимида меҳнат қилаётганларга қарата айтилгандек, гўё. Машаққатни енгиш ва ишончни оқлаш ҳар доим насиб етаверсин.

Қаршибой ЭШНАЗАРОВ,
Агросаноат мажмуи ходимлари
Касаба уюшмаси Гулистон шаҳар Кенгаши раиси

Print Friendly, PDF & Email

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Click to listen highlighted text!