ОРОМГОҲЛАР ЯНГИ МАВСУМГА ТАЙЁР
Ёз — болалар учун шунчаки таътил эмас. Бу давр уларнинг жисмоний соғломлашиши, маънавий камолоти, янги дўстлар орттириши, иқтидор ва қизиқишларини намоён этиши учун муҳим босқич ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда болаларнинг ёзги дам олишини мазмунли ташкил этиш, хавфсизлигини таъминлаш ҳамда соғлом муҳит яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Бугун юртимизнинг турли ҳудудларида жойлашган болалар оромгоҳларида қизғин тайёргарлик ишлари якунланиб, ёзги мавсумга старт берилмоқда. Айниқса, тоғ бағридаги мусаффо ҳаво, серсоя дарахтлар ва табиат қўйнида жойлашган оромгоҳлар яқин кунларда яна болалар кулгиси билан тўлади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 2026 йил ёзги мавсумда болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш ишларини юқори савияда ташкил этиш бўйича Республика комиссияси мажлиси баёни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда оромгоҳларда хавфсизлик, санитария, тиббий хизмат, таълим-тарбия ишлари ҳамда маданий тадбирларни янада такомиллаштиришга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Мазкур соҳада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 ноябрдаги “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2024 йил 29 майдаги “Болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам оладиган болалар қамровини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 февралдаги 84-сонли қарори муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Сирдарё вилоятида 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар сони 118 минг 524 нафарни ташкил этади. Жорий ёзги мавсумда уларнинг 4 минг 250 нафари болалар оромгоҳларига қамраб олиниши режалаштирилгани соҳадаги ишлар кўламини яққол намоён этади.
Хусусан, Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига қарашли Жиззах вилояти Зомин тумани Қўриқ қишлоғида жойлашган «Зомин» ҳамда Сирдарё тумани “Шоликор” маҳалласи ҳудудидаги “Сирдарё” стационар болалар оромгоҳларида жами 2100 нафар боланинг дам олиши кўзда тутилган. Шунингдек, вилоят мактабгача ва мактаб таълими тизимида ташкил этиладиган 23 та кундузги болалар оромгоҳида яна 2150 нафар бола қамраб олинади.
Айниқса, Зомин тоғлари бағрида жойлашган “Зомин” болалар соғломлаштириш оромгоҳи бу йилги мавсумни юқори тайёргарлик билан қарши олди. Табиатнинг бетакрор гўзаллиги қучоғида жойлашган ушбу маскан болалар учун нафақат ҳордиқ чиқариш, балки маънавий ва жисмоний камолот мактабига айланмоқда.
Оромгоҳда замонавий турар-жой бинолари, болалар бассейни, спорт майдонлари, кутубхона, 300 ўринли йиғинлар зали, ўндан ортиқ тўгараклар ҳамда интерактив машғулотлар ташкил этилган. Бу ер бир вақтнинг ўзида 260 нафар болани қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, жорий мавсумда 5 босқичда 1300 нафар болани қамраб олиш режалаштирилган.
Бу ерда болаларнинг кун тартиби фақат дам олиш билан чекланмайди. Президентимиз томонидан илгари сурилган “5 муҳим ташаббус” доирасида инглиз, рус ва корейс тиллари курслари, ментал арифметика, тасвирий санъат, миллий ва замонавий рақс, “Моҳир қўллар” тўгараги, китобхонлик кечалари, интеллектуал ўйинлар ва спорт мусобақалари ташкил этилади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ишлаб чиқилган 12 кунлик махсус дастур оромгоҳ ҳаётини янада мазмунли ташкил этишга хизмат қилмоқда. Ҳар бир кун муайян мавзуларга бағишланган. Жумладан, “Салом, оромгоҳ!”, “Болалар фестивали”, “Ҳарбий ватанпарварлик”, “Миллий қадриятлар”, “Заковат”, “Ижод ва истеъдод”, “Она табиатни асраш”, “Моҳир қўллар — касб-ҳунар”, “Спорт ва саломатлик”, “Миллатлар дўстлиги”, “Туризм ва ўлкашунослик”, “Сарҳисоб” каби мавзулар болаларнинг дунёқараши ва ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қилади.
– Болалар оромгоҳда фақат ҳордиқ чиқармайди, балки ўз иқтидорини ҳам кашф этади, – дейди оромгоҳ раҳбари Абдулазиз Шавкатов. – “Заковат”, “Ижод ва истеъдод”, “Миллий қадриятлар” каби машғулотлар орқали уларнинг фикрлаш қобилияти, дунёқараши ва жамоада ишлаш кўникмалари шаклланади.
Оромгоҳларда болалар хавфсизлиги ва саломатлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кунига 6 маҳал диетологлар тавсияси асосида таомлар тайёрланади. Аллергияси бор болалар учун махсус овқатланиш тизими йўлга қўйилган. Доимий тиббий пункт, тез тиббий ёрдам хизмати, ёнғин хавфсизлиги гуруҳлари ҳамда ички ишлар ходимлари навбатчилиги ташкил этилган.
– Оромгоҳдаги тиббий шароитлар болаларнинг соғлом дам олиши учун тўлиқ мослаштирилган.Болаларнинг ҳар бир куни тиббий назорат остида ташкил этилади. Тоғ ҳавоси, мусаффо муҳит ва соғлом овқатланиш уларнинг иммунитетини мустаҳкамлайди, – дейди болалар шифокори Шуҳрат Қиличев.
Сирдарё туманида ўтган йили фойдаланишга топширилган 200 ўринли янги замонавий болалар оромгоҳи ҳам соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди. 10 гектар майдонда қурилган мазкур оромгоҳ халқаро стандартлар ва хавфсизлик талаблари асосида бунёд этилган.
Бу ерда шинам ётоқхоналар, амфитеатр, ошхона, сузиш ҳавзаси, футбол, баскетбол, волейбол ва бадминтон майдончалари, “Маънавият ва маърифат” маркази ҳамда турли аттракционлар барпо этилган. Замонавий мебеллар билан жиҳозланган хоналар болалар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратишга хизмат қилади.
– Бу оромгоҳ нафақат болаларнинг ҳордиқ чиқариши, балки уларнинг интеллектуал ва ижтимоий салоҳиятини ошириш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга, – дейди оромгоҳ директори Улуғбек Тўрақулов.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродовнинг таъкидлашича, болалар манфаати ҳамиша энг устувор вазифа бўлиб келмоқда.
– Бундай замонавий оромгоҳлар фарзандларимизнинг соғлом, билимли ва маънан етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим аҳамият касб этади. Бу ердаги шарт-шароитлар ривожланган давлатлар даражасига мос, – дейди у.
Мутахассисларнинг фикрича, оромгоҳ фақат чиройли бинолар ёки замонавий жиҳозлар билан эмас, балки хавфсиз муҳит, малакали педагоглар, тиббий хизмат ва мазмунли дастурлар билан ҳақиқий тарбия масканига айланади.
Хусусан, педагог кадрларни саралаш тизими ҳам янги асосда ташкил этилди. “oromgohlar.uz” электрон платформаси орқали бу йил ёзги оромгоҳда болаларга таълим-тарбия берувчи педагоглар рўйхати шакллантирилди. Улар учун махсус ўқув-семинарлар ташкил қилиниб, болалар психологияси, хавфсизлик қоидалари ва интерактив машғулотларни самарали ташкил этиш бўйича амалий кўникмалар берилмоқда.
Чунки болаларнинг мазмунли дам олиши — бу шунчаки таътил эмас. Бу — келажакка қаратилган сармоя, соғлом ва баркамол авлод тарбияси учун яратилган муҳим имкониятдир. Ёзги оромгоҳ эса, болаликнинг энг ёрқин, энг самимий ва энг бахтли фаслидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири

