Click to listen highlighted text!

МЕҲНАТИ -БАХТИ УНИНГ

               Сайхунободлик  Холидахон  Абдуллаевани кўрсангиз қуйиб қўйгандек машҳур  адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг  “ “Қўшчинор”идаги куйди- пишди Саидахонга ўхшатасиз. Жиккаккина аёлнинг  бир  қарасангиз хонадонларда қурт боқаётган пиллачилар хоналарида  юрганини, яна бир  қарасангиз қучоқ- қучоқ тут баргларини елкасида ортмоқлаб  ўзи боқиб парваришлаётган ипак  қуртлари томон ошиқаётганини кўрасиз. Тонгдан тутзордан  келаётганида  унга Соҳил шаҳарчасида яшовчи  пиллачи Барно  Тожибоева телефонда сим қоқиб  қолди:

              -Ипак қуртларим ривожини бир  кўриб берсангиз, ўзимнинг кўнглим тўлмаяпти, ишимдан .

         -Барнохон, ҳозирча, хоналарни  тез -тез шамоллатиб, қуртларга тегмай туринг, баргнинг янги ва  тозасидан беринг. Серёмғир  кунларда  даста- даста боғланган тутларни  алоҳида  ажратиб, кўриб чиқмасангиз қизишиб, барглар лат еб қолган бўлиши мумкин.  Мен бироз ўтмай албатта, ипак қуртларингиз қандай боқилаётганини албатта бориб  кўраман,- деб унга  сим қоққан Барнохоннинг кўнглини ҳам хотиржам қилиб қўйди.

           Ипак  қурти боқиш жуда машаққатли иш. Худди қирқ кунлик чақалоқни парваришлагандек  ўттиз- қирқ кун кунни кун, тунни тун демай қуртхонада ҳозиру нозир бўлиб туриш  керак. Ана шу қисқа ва машаққатли даврда жонлантирилган миттигина жонивор барг еб, ипак ўрайди,  инсон ақлли етмайдиган мўъжизалар яратади. Ундан олинаётган  тилла толалар -ипакдан шохи-ю атлас тўқилиб, қизу жувонларимизнинг  устида ял -ял ёнади. Яна  ипак самолётсозликда ҳам кенг  қўлланадиган муҳим  хом ашёлардан бири саналади.

            Йигирма саккиз йилдан бери ҳам инкубистлик , ҳам  пиллачилик  касбини шарафлаб, ёруғ юз билан  оқлаб келаётган  сайхунободлик  Синчалак- Холидахон пиллачиликнинг мамлакат  иқтисодиётида ўрни баландлигини, ипак  қурти боқиш  сир  -синоатларини ҳам  жуда яхши тушунади. Энг асосийси, у ўз касбига чинакам  фидойилик билан ёндошади. Қўл учида иш қилиш, ортиқча ваъдалар  бериб, катта гапиришни ёмон кўради. Ҳар  йили ипак қурти боқиш ташвиши  Соҳил шаҳарчасида энг  аввало унинг уйида бошланади. У  моҳир инкубист  сифатида “ Гулистон”, “ Бўстон” , “ Робот” сув  истеъмолчилари уюшмаларидаги фермер  хўжаликлари, қурт  боқувчиларга 400- 450 қути ипак  қуртини жонлантириб, тарқатади. Қуртхоналарнинг тайёрланиши, қоғозу ҳарорат ўлчовчи воситалар билан  таъминланганлиги ҳам унинг  эътиборидан  четда қолмайди. Айниқса об ҳаво ҳарорати  жуда баланд келган кунлари қуртлар димиқиб қолмадимикин деб кунларини ҳаловатсиз ўтказади. Ёш  пиллачиларнинг уйларига  бориб,  қуртлар ҳолати, ривожини  ўз кўзлари билан кўрмагунча кўнгли  тинчимайди.

            Яна  боз устига ҳар йили  3 қути ипақ қуртини олиб.   бошқалардан четда  қолиб кетмай деб уйида парвариш қилади.  Ипақ қурти боқиш сирини, пиллачилик агротехникасини яхши билганлиги, кўп йиллик тажрибаси  доимо қўл келаяпти.  Ҳар қути ипак  қуртидан 70 -80 килограммгача етказиб сара  “кумуш тола” топшираяти. Ҳалол меҳнати туфайли элда эътиборли, оиласида доимо хотиржамлик. Фарзандлари соғ- омон ўсиб, ёшликдан  меҳнатсевар  бўлиб  тарбияланаяпти. Аёл киши учун фарзандлар  камолидан ортиқ бахт йўқ. Оилада доимо сарамжом- саришталик  бўлганлиги учун ҳам келину ўғиллар ҳам онаси Холидахондан,  оталари Тўйчи Абдуллаевдан ибрат  олишади. Самарали меҳнати туфайли Холидахон Абдуллаева Ўзбекистон  Республикаси Мустақиллигининг 15 йиллиги нишони -медали билан  тақдирланган.

       Бу йилги  мавсум ҳам илғор инкубист, моҳир  пиллачи учун омадли келди. Уч қути ипак  қуртидан 230  килограмм сара  ҳосил  топшириб, пиллачилар ичида юзи ёруғ бўлди. У уруғ тарқатган қатор пиллачилар ҳам ваъдага вафо қилиб, бирин  кетин пилла топшириш режаларини ошириб бажаришаяпти.

            “Сайхунпилла” МЧЖ пиллачилари 108 тонна “ кумуш  тола”  хирмони барпо этишни мақсад  қилиб  қўйишган. Ана шу хирмон тезу соз юксалишида моҳир инкубист,  илғор  пиллакор Холидахон  Абдуллаеванинг ҳам  алоҳида ўрни  бор.

             Меҳнатдан бахт топган, эл- юрт  ташвиши билан  ёниб яшаётган шундай оналар доимо омон бўлсин, деймиз!

Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!