Click to listen highlighted text!

АЁЛГА БАХТ-У САОДАТ БЕРИШ ЙЎЛИДА…

Мана бир неча ойки, Сирдарёда “Аёллар дафтари” шакллантирилиб, хотин-қизларнинг муаммоси тоифаларга ажратилди. Айни кунларда уларнинг ечимига киришилиб моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилаётир.
Хусусан, Гулистон шаҳрида қарийб 17 минг хонадон ўрганилиб, 2 минг 684 нафар аёллар рўйхати шакллантирилди. Куни кеча ишчи гуруҳ вакиллари ва ҳудуд сектор раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда аниқланган муаммоларнинг ҳал этилиши бўйича шакллантирилган “Йўл ҳариталари”ни қайтадан ишлаб чиқишга келишилди. Токи, розилик мукаммал, муаммо тўғри ечим топмагунича доимий назорат олиб борилиши таъкидланди.
-Гулистон шаҳрида тизимли ишлар бошланди, – дейди ишчи гуруҳ вакили Қаршибой Эшназаров. – Тузилган дафтар рўйхатидаги психологик ёрдамга муҳтож бўлганларга малакали мутахассислар жалб этилди. Уларнинг ҳар бирларига 10 нафардан ошмаган рўйхат бириктирилиб, доимий суҳбатлар олиб бориш тартиби ишлаб чиқилди. Худди шунингдек, ҳуқуқий кўмакка мухтож бўлган аёллар учун ички ишлар, прокуратура ва адлия соҳаси ходимлари бириктирилди. Ҳар бир маҳаллада аёллар маслаҳат кенгаши ташкил этилган ва талаб даражасида жиҳозланган.
Вилоятнинг Сардоба туманида ҳақиқий аҳволни ўрганиш мақсадида ишчи гуруҳ вакиллари рўйхатга олинган аёллар билан бирма бир учрашиб суҳбатлашмоқда. Мана шундай “хонадонбай” ўрганиш натижасида тадбирлар ҳаққоний олиб борилиши кутилаётир. Мақсад ҳам, шу аслида. Номига, хўжакўрсинга ёрдам бериб, дафтардан чиқаришга йўл қўймаслик, дардларга ҳақиқий дармон бўлиш кўзда тутилган.
Туманнинг “Бирлик” мфйида яшовчи Барно Чўттиева, Холида Абдуқодирова ҳамда “Халқобод” мфйлик Сайёра Холмуродова ишлаб чиқариш йўналишида кредит олиш истагини билдирган эди. Ишчи гуруҳ вакили Абдукамол Ҳакимов хонадонларига бориб суҳбатлашганида уларнинг бу ёрдамни олишга иккиланаётгани маълум бўлди. Шу куни уларга тўғри ҳуқуқий маслаҳат ва йўналиш берилиши натижасида уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши ва кредит масаласи ижобий ҳал этилди.
Янгиер шаҳар, “Маърифат” мфйлик Тўхтахон Абдупаттаева 1-гуруҳ ногирони бўлиб, тиббий хизматга эҳтиёжи бор. Аниқланган муаммо тезликда ҳал этилди. Пойтахтлик шифокорлар томонидан суяк емирилиши, икки соннинг туғма чиқиши бўйича жаррохлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Бунинг учун 45 млн сўм ўтказиб берилди.
-Асли андижонлик бўламиз, -дейди Тўхтахон Абдупаттаева, – Бу ерда турмуш ўртоғим ва 3 нафар фарзандим билан яшаб келмоқдамиз. Шундай бўлса ҳам ташкилотлар ҳамкорликда, ҳеч қандай сансалорчилик қилмасдан соғлиғимни тиклашга ҳисса қўшганларидан миннатдорман. Биринчи операцияда битта оёғим муолажа олди. Икки ой ўтгач, иккинчи оёқда жаррохлик ўтказилар экан. Бунда ҳам мени овора қилмасдан барча ҳужжат ва ҳаражатлар тахт қилинишини айтишди. Айни пайтда жудаям кўнглим кўратилди. Тушундимки, ҳаммаси бизнинг бахтли бўлишимиз учун.
Янгиерда тиббий ҳимояга муҳтож бўлган эҳтиёжманд 120 нафар хотин-қиз аниқланган бўлиб, уларнинг 13 нафари республика миқёсида, 19 нафари вилоят миқёсида, ва 58 нафари шаҳар шифохонасида даволаниши олиб борилаётир.
Мамлакат қудрати, халқнинг фаровонлиги юртнинг аёллари нечоғли бахтлилигига қараб баҳо берилади. Шунингдек, давлатнинг келажаги ҳам нозик жуссали аёллар турмушига боғлиқ. Зотан ёшлар тарбияси, аввало, оналар, бекалар қўлидадир. Шундай экан, хотин-қизлар муаммосини ҳал этиш ва уларга бахт улашиш мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиш билан баробардир. Шукурки, юртимизда ман шу даъват, ҳаракат амалимизга айланган.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch»

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!