Click to listen highlighted text!

МУНОСИБ ВА САЛМОҚЛИ ҲИССА ҚЎШИШ – БУРЧИМИЗ

«Соғлом она ва бола йили» деб номланган 2016 йилда мамлакатимизда халқ хўжалигининг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишлар давом этмоқда. Шу ўринда юртбошимизнинг  мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаларидаги айрим жиҳатларга тўхталиб ўтмоқчи эдим. Маърузанинг «Бош мақсадимиз – мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, олиб бораётган ислоҳотларни, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни изчил давом эттириш, хусусий мулкчилик, кичик бизнес ва тадбиркорликка янада кенг йўл очиб бериш ҳисобидан олдинга юришдир» деб номланишининг ўзиёқ юртимизни ривожланган давлатлар сафига қўшилишдек азалий орзуси томон янги – 2016 йилда ҳам   қатъий ирода билан  қадам ташлашини ифода этади. Бинобарин, юртбошимиз  ўтган  йилда ҳам  хусусий мулкчилик, кичик бизнес ва тадбиркорликка кенг имкониятлар эшигини очиб бердилар. Хусусан, 2015 йил 15 майда эълон қилинган  Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш   чора-тадбирлари  тўғрисидаги Фармони тадбиркорлик соҳасида фаолият юритаётган ҳамюртларимиз учун катта енгилликлар яратди. Эндиликда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача оширилди, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиш, уларнинг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, бизнес муҳитни яхшилаш каби қатор чора-тадбирлар белгилаб қўйилди.

Шу билан биргаликда муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан сўнгги йилларда мамлакатимизда солиқ сиёсатини янада либераллаштириш, солиқ юкини камайтириш, солиқларни унификация қилиш ва солиққа тортиш тартибини соддалаштириш, тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш ва уларнинг ҳуқуқий эркинлигини ошириш, уларга солиқ қонунчилигида имтиёзлар бериш  борасида қатор чоралар кўрилмоқда.

Барчамиз жаҳон иқтисодиёти улкан синовларга дуч келаётгани ҳақидаги маълумотлардан деярли ҳар куни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўлиб турибмиз. Мисол учун, иқтисодий ўсишнинг локомотиви ҳисобланадиган истеъмол талабининг, айниқса, хом ашё ресурсларига бўлган эҳтиёжнинг кескин пасайиб бораётгани глобал молиявий иқтисодий инқироз наинки давом этаётгани, ҳатто чуқурлашаётганининг исботидир. Ана шундай мураккаб шароитда Ўзбекистонда эришилаётган натижалар эса жаҳон ҳамжамиятининг қизиқиши янада ошишига сабаб бўлаяпти. Шуниси эътиборга моликки, аҳоли даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромадлар улуши ҳам тобора ортиб бормоқда. Масалан, истиқлол йилларида бу борадаги кўрсаткич 10,6 фоиздан 52 фоизга ўсганини инобатга олсак, у Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ичидаги энг юқори натижалардан бири эканлиги аён бўлади. Бу, албатта, юртимизда ҳар бир фуқарога ўз салоҳияти, истеъдодини тўла намоён қилиш учун барча шарт-шароит яратилгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очилганининг самарасидир.

Муҳтарам Президентимизнинг маърузасида таъкидлаб ўтилганидек, Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон кейинги йилларда тадбиркорлик фаолияти учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш соҳасида энг яхши натижаларга эришган дунёдаги ўнта давлат қаторидан жой олгани  эътироф этилгани ҳар биримизнинг кўнглимизни фахр ва ифтихорга тўлдиради. Кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасига берилаётган улкан имкониятлар ва катта эътибор туфайли иш билан банд жами аҳолимизнинг 77 фоиздан ортиғи мазкур тармоқда меҳнат қилаётгани, ўз пешона тери билан нафақат ўз оиласини боқаётгани, балки мамлакатимиз бойлигига бойлик қўшаётгани, аввало, Мустақиллик бизга очиб берган имкониятларнинг яққол исботидир.

Шу ўринда 2016 йилда амалга оширилиши мақсад қилинган, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг YII қурултойи қарорларидан келиб чиққан ҳолда, касаба уюшмалари тизимида эълон қилинган лойиҳа – Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан ҳар бир туман, шаҳарда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида коллеж битирувчилари учун 25 тадан янги иш ўринлари яратиш каби  долзарб вазифани айтиб ўтмоқчи эдим. Бу вазифани юқори савияда адо этиш – барчамизнинг бурчимиздир. Чунки биз иш ўрни билан таъминлаган минглаб йигит-қизлар  ўз меҳнатлари билан юртимиз иқтисодиётига муносиб ҳисса  қўшадилар, деб ишонаман.

Муҳтарам юртбошимиз мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаларида “Мамлакатимизни демократлаштириш ва модернизация қилиш борасида бошланган тизимли ислоҳотларни, иқтисодиётимизда, авваламбор, саноат ва қишлоқ хўжалигида туб таркибий ўзгаришларни сўзсиз давом эттириш, хусусий мулк, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш ва бу соҳа вакиллари манфаатларини ҳимоя қилиш, макроиқтисодий мутаносибликни таъминлаш 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишига айланиши зарур” деб таъкидлаган эдилар.

Шу мақсаддан келиб чиқиб, жорий йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатини 7,8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 8,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни -6,1 фоизга, чакана савдо айланмасини -14 фоизга, хизматлар кўрсатиш ҳажмини -17,4 фоизга кўпайтириш  вазифаси қўйилди.

Шу билан бирга,   мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 2016-2030 йилларда 2 баробар кўпайишига эришиш учун ўртача йиллик ўсиш суръатлари 4,8 фоиз даражасида бўлишини таъминлаш зарурлиги  айтиб ўтилди.

Бу борада касаба уюшмалари тизимида ҳам тегишли чора-тадбирлар белгиланиб,  изчил амалга оширилади, албатта.   Чунки  бизнинг ташкилотимиз  барча соҳаларда банд бўлган ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдек муҳим вазифани амалга оширади.  Манфаатлари ҳимояланган ишчи-ходимлар меҳнат  даражаси кўнгилдагидек бўлиши ҳеч кимга сир эмас.

Юртбошимиз  айтганларидек,  озод ва обод Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ 25 йиллиги кенг нишонланадиган 2016 йилга катта мақсад ва режалар билан қадам қўйдик, янги тарихимизнинг энг ёрқин саҳифасини ташкил этадиган ана шу буюк санага ҳар томонлама муносиб ва салмоқли ҳисса қўшиш Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун улкан шарафдир. Бу юксак ишончни оқлаш –барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир.

 

Камолиддин  Акбутаев, Вилоят  касаба  уюшмалари  ташкилотлари бирлашмаси  Кенгаши  раиси

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!