«СОҒЛОМ ОИЛА» СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА
“Соғлом она ва бола йили” муносабати билан ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини жисмоний тарбия ва спортнинг оммавий турларига қизиқишини ошириш, айниқса, оила аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш орқали ўз саломатлигига масъулият ҳиссини шакллантириш мақсадида, бу борада қабул қилинган ЎКУФК ҳамда ВКУТБ Кенгаши Раёсати қарорлари асосида жойларда «Соғлом оила» спорт мусобақалари ўтказилмоқда.
Сирдарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси тизимидаги бошланғич ташкилотларда «Соғлом оила» спорт мусобақаларининг биринчи босқичи якунланди.
Ушбу босқичда тармоқларга қарашли 280 та бошланғич ташкилот касаба уюшмалари ходимлари оилаларидан 2000 нафарга яқин оила иштирок этди.
Шундай қизғин ўтган мусобақалар «Ўзбекистон почтаси» АЖ Сирдарё филиалида ҳам бўлиб ўтди. Филиал цех бошланғич ташкилотларидан иштирок этган спортсевар оилалардан иккитаси ғолиблик шоҳсупасини эгаллаб, спартакиаданинг иккинчи босқичига йўлланма олдилар.
– Почтанинг Гулистон туман бўлимидан Тоҳир Қосимовлар оиласи касаба уюшмамиз ўтказган ҳар бир тадбирда фаол иштирок этишади, мана бугун ҳам Тоҳиржон ва Насибахон фарзандлари Жасурбек билан барча мусобақа шартлари бўйича ҳаммани ортда қолдиришди, дейди филиал бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Ўктам Умрзоқов. – Худди шунингдек, Мирзаобод тумани почта бўлимидан иштирок этган Алишер ҳамда Сожида Джангировлар қизлари Сарвиноз билан ўзларининг чаққон ва эпчил, энг муҳими, аҳил оила эканликларини намоён эта олдилар. Энди бу иккала оила навбатдаги босқичда иштирок этиш учун тайёргарлик кўришни бошлаб юборишди.
– Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси тармоқ бошланғич ташкилотларидан 54 тасида бўлиб ўтган мусобақаларда 100 дан ошиқ оила иштирок этди, улар орасидан танлаб олинган 10 та оила туман, шаҳар босқичларида иштирок этишади, – дейди тармоқ масъул ташкилотчиси Алишер Тожиев.