ФИДОЙИЛИК
Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Бахт шаҳар марказий поликлиникасида ўз касбига садоқатли ўнлаб тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатишади. Улардан бири тажрибали, олий тоифали гинеколог – шифокор Ҳурбувиш Нугманова саналади. Шифокор бугунги кунда Бахт шаҳри аҳолиси, аниқроғи, аёлларнинг энг яқин маслаҳатчиси, сирдошига айланиб қолган.
Х.Нугманова Бахт шаҳрида туғилиб, вояга етган. Болаликдан шифокор бўлишни орзу қилган қиз мактабни тугатгач, 1973 йили Тошкент тиббиёт институтига ўқишга кирди. Ўқишда ва амалиётда у ўзининг тиришқоқлиги, зийраклиги билан устозларининг эътиборини тортган эди. 1979 йили олийгоҳни муваффақиятли тамомлагач, ишга йўлланмани Қашқадарёга олди. Бунинг сабаби бор эди. Ҳурбувиш опанинг ота-онаси асли қашқадарёлик. Улар тақдир тақозоси билан Сирдарёга –Бахт шаҳрига кўчиб келиб, бир умр шу ерда яшаб қолишди. Шу ерда оила қурди, фарзандлар дунёга келди.
Ҳурбувиш опа ота макон – Қашқадарёда меҳнат фаолиятини бошлади. Қарши шаҳар туғруқхонасида ишлади ҳамда шаҳардаги тиббиёт билим юртида бўлғуси дояларга сабоқ берди. Икки йилдан сўнг эса ота-онаси бағрига қайтди ва Бахт шаҳар аёллар маслаҳатхонасида фаолиятини давом эттирди. Кейин оила қурди, қатор фарзандлар кўрди, оналик, қайноналик бахтига сазовор бўлди.
-Ҳузуримга келган хомиладорлар, аёлларга хос хасталиклар билан оғриган ҳамшаҳарларимнинг соғлигини текшириш жараёнида улар билан худди яқин туғишганлардек суҳбатлашаман, – дейди Ҳурбувиш опа.- Улар мен билан дардлашишади, сирлашишади. Бири ҳомиладорлиги оғирроқ кечаётгани, бошқаси ҳомиладор бўлмаётгани учун уни айблашаётгани, яна бошқаси рўзғор юмушларига улгурмаётгани учун қайнонасидан дашном эшитаётгани, келинлик вазифасини тўла адо этмаётганлиги сабабли қийналаётганини айтиб, дардларини менга тўкиб солишади. Уларни диққат билан тинглагач, ҳомиладорликнинг ўзига хос нозик томонларини уларга тушунтириб, маслаҳат бераман, зарур муолажа, дори-дармонлар тавсия этаман, ўз саломатликларига эътиборли бўлишларини қайта-қайта уқтираман. Оила муаммоларини ҳал этиш борасида маслаҳат бериш гарчи менинг вазифамга кирмаса-да, ўзимнинг оилавий турмушдаги тажрибамдан келиб чиқиб, сабр-тоқатли, оғир, вазмин бўлишни, қайнона ҳам она эканлигини, яхши хислатларини намоён этиб унинг кўнглини олишни маслаҳат бераман.
Баъзан эса қаттиққўл қайноналар билан ҳам суҳбатлашишга, баҳслашишга тўғри келади. Ахир, келин ҳам бировнинг суюкли фарзанди эканлигини, у соғлом невараларини дунёга келтириши учун унга меҳрибон, ғамхўр ва эътиборли бўлиш зарурлигини уқтираман. Қайноналар бу суҳбатлардан сўнг анча инсофга келиб қолишади. Буни кейинчалик қабулимга келган келинлар қувониб гапиришади, раҳмат айтишади .
– Ҳурбувиш Шайкуловна касаба уюшмамиз фаол аъзоларидан, бизнинг барча тадбирларимизда, шу жумладан маҳаллаларда, ташкилот, корхона ва муассасаларда ташкил этиладиган турли тадбирларда ҳам фаол қатнашади, – дейди Сирдарё туман ТТБ касаба уюшмаси ташкилоти раиси Ҳусниддин Исмоилов. – Жумладан, “Қизларни турмушга тайёрлаш”, “Эрта турмушнинг салбий оқибатлари”, Аёл маънавияти”, “Оилада тиббий маданият” каби давра суҳбатларида, учрашувларда ўз маърузалари билан чиқади, аёлларни қизиқтирган саволларга жавоб беради.
Шифокор ҳомиладорлик жараёни бошланган ҳар бир аёлнинг ҳолатини у рўйхатга олинган кундан то гўдак туғилгунча бўлган даврда мунтазам кузатади. Ўша аёлнинг кўзи ёриб, қўлига соғлом боласини олганини эшитгачгина, кўнгли хотиржам бўлади. Зарур бўлса, ҳомиладорликни оғир кечирган аёлдан ҳатто у туғруқхонага келгач (шаҳар акушерлик комплекси поликлиникага ёндош) ҳам хабардор бўлиб туради.
Ҳа, чинакам касбига садоқатли, эл соғлиги учун ўзини масъул деб билган фидойи шифокорлар шундай бўлишади.
Бу йилнинг Юртбошимиз томонидан “Соғлом она ва бола йили” деб номланиши шифокорлар, айниқса, гинеколог-шифокорлар зиммасига катта масъулият юклайди. Ҳурбувиш опа билан суҳбатлашган чоғимизда у айнан шу ҳақда тўхталди.
-Бу йил биз гинекологлар учун катта синов йили, – деди у. – Оналарнинг соғлиги учун биз жавоб берамиз. Улар соғлом бўлса, уларнинг юраги остида ўсаётган митти вужуд ҳам яхши ўсади ва соғлом бўлиб туғилади. Она юраги ана шу гўдакнинг юракчаси билан бирга нафас олиб, уни хасталиклардан асраб-авайлаб дунёга келтиради. Бу эса аёл учун чинакам бахт. Шунингдек, чақалоқни тўғри парваришлаш, кўкрак сути билан эмизиш ҳам боланинг дуркун, жисмонан ва маънан соғлом бўлиб ўсишида катта аҳамиятга эга. Ахир, табаррук момоларимиз болага она сути орқали барча яхши хислатлар, одатлар ўтишини бежизга айтишмаган.
“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури асосида шу кунларда аҳоли ўртасида, чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилмоқда. Яқинда пойтахтдан келган бир гуруҳ малакали мутахассислар қаторида вилоятимиз тиббиёт масканларидаги шифокорлар ҳам ушбу кўрикда иштирок этди. Ҳурбувиш Шайкуловна ҳам кўрик чоғида хотин-қизларнинг соғлигини текшириб, ҳомиладорликнинг қандай кечаётганини кузатди, экстрогенитал касалликлар аниқланган аёлларнинг саломатлигини тиклаш учун зарур бўлган тавсияларни берди.
Ҳурбувиш Нугманова ибратли оила бекаси, соғлом, бахтиёр, касб-ҳунарли, меҳнатсевар фарзандларнинг онаси. Икки ўғлини уйлантирган, келинларининг бири – Махсуда қайнонаси билан деярли ҳамкасб, доя акушерлик комплексида ишлайди. Яна бир келини Ирода компьютер бўйича мутахассис. Иккала келин ҳам қайнона билан бирга аҳил яшайди. Беш невара бувижонларининг овунчоғи – қувончи. Қизларининг бири ҳам ҳамшира.
Ҳурбувиш опа ишидан қайтганида оила аъзолари, ширин-шакар набиралари ёнида ўтириб, ўзининг бахтиёр бека, она, қайнона, буви эканлигидан, ҳаётда, маҳалласида, қўни-қўшнилари орасида ўз ўрни борлигидан, шунингдек, шу севимли касби туфайли элда иззат – ҳурмат ва эътибор топганидан мамнун бўлиб, шукрона айтади.
Холида ПАРДАБОЕВА.