Click to listen highlighted text!

СИРДАРЁ ВИЛОЯТИДА АҲОЛИ ХОНАДОНЛАРИДА ТОВУҚ БОҚИШ БЎЙИЧА ТАВСИЯЛАР

Мамлакатимиз тиббиёт мутахассисларининг хулосаларига кўра, киши соғлом бўлиши учун бир йилда ўртача 9,648 килограмм парранда гўшти ва 121 дона тухум истеъмол қилиши зарур. Аслида парранда гўшти ва тухуми парҳез маҳсулотлари ҳисобланиб, инсон организми учун жуда фойдалидир.

Товуқ зотлари ва кроссларини танлаш.

Тармоқнинг ривожланишида табиийки, паррандалар наслининг алоҳида ўрни бор. Жаҳонда тухум йўналишидаги паррандаларнинг ҳозирги кунда замонавий кроссларидан “Ломанн” (Германия), “Декалп”, “Хайсекс” (Голландия), “Хай-Лайн” (АҚШ) ва “Родонит-3” (Россия) зотлари маълум. Юртимизда ҳам улардан унумли фойдаланилмоқда. Масалан, 1992 йилда Германиядан “Ломанн” зотлари келтирилган бўлиб, ҳозирги кунда мамлакатимиз бозорларидаги тухумларнинг 70 фоизи унинг улушига тўғри келади. Улар жигарранг, оқ ва оч кулранг бўлиб, асосан Самарқанд вилоятидаги “Оғалик – Ломанн парранда” қўшма корхонасида етиштирилган товуқлардан олиняпти. Ушбу зотли паррандалардан уй шароитида бир йилда 270 дона, саноат усулида эса 330 донагача тухум олиш мумкин.

Дунёда гўшт йўналишидаги паррандалардан товуқларнинг бир қатор наслларидан фойдаланилади. Улар сирасига Англиянинг “Росс-308”, “Росс-708”, Франциянинг “Хаббард F-115”, АҚШнинг “Арбор айкрес плюс”, “Кобб” зотли товуқлар киради. Мазкур зотли товуқлар ҳар бирининг тирик вазни 38-42 кунлигида 2,3-2,5 килограмм тош босади. Бундай пайтда сўйилган жўжаларнинг гўшти юмшоқ ва парҳезбоп бўлганлиги боис ҳам одамлар томонидан севиб харид қилинади. Тўйимлилиги жиҳатидан эса ўрдак ва ғоз гўштидан юқори туради. Боиси уларда тўйимли протеинлар миқдори кўпроқ, ёғ миқдори эса кам. Ҳозир юртимиздаги паррандачилик хўжаликларида ҳам ана шундай наслли жониворлар парвариш қилиниб, гўшти аҳолига сотилмоқда.

Бройлер — (инглизча: broiler, broil) оловда қовуриш деган маънони билдиради. Бройлер тез етиладиган гўштдор жўжа. Бройлер гўштидан асосан парҳез таомлар тайёрланади. Бройлер гўшти олиш учун жўжа қисқа муддатда етарли даражада семиртирилади.Бунинг учун оғир вазнли ва тез етиладиган Росс-308, “Кобб”, “Хабборд F-15” бройлер кросслари, “корниш”, “оқ плимутрок”, “Суссекс”,“ньюгемпшир” каби сертухум ва сергўшт зотли хўроз ва товуқларнинг чатишишидан олинган дурагай жўжалардан фойдаланилади.

Оддий уй жўжаси асосан тухум йўналишида бўлади. Бройлер жўжалари эса гўшт йўналишида боқилиб, 38-42 кунда тирик вазни 2,3-2,5 кг. бўлади. Бу вақтда оддий жўжанинг тирик вазни 1,2-1,4 кг. бўлади. Гўшт олиш учун етиштирилган бройлер жўжалар технология бўйича 1-2 кун ичида сўйилиши шарт. Акс ҳолда, бу фурсат чўзилиб кетса, улар тирик вазнини тезда йўқотади. Шу боис, бройлерларни боқиш вақти энг кўпи билан 5-6 ҳафтани ташкил этади.

Маълумотларга кўра, парранда гўшти тез ҳазм бўлиш хусусиятига кўра барча турдаги чорва моллари гўштидан устун туради. Таркиби ҳар хил кимѐвий элементларга бой. 2 ойлик жўжа гўшти таркибида 20 фоизга якин оқсил, 10-12 фоиз ѐғ бўлади. Бройлер жўжаси гўштининг ҳазм бўлиш коэффициенти 94 – 95 фоизни ташкил килади. Юртимизда бройлер жўжалар биологик, яъни ўз таркибида меъёрга асосан озуқа моддалари, 20 дан ортиқ витаминлар, макро ва микроэлементлари мавжуд бўлган витамин – минералли премикслари билан бойитилган, тўйимли ва сифатли омухта ем билан озиқлантирилади.

Паррандачиликда парранданинг зоти, ёши, вазни, маҳсулдорлигини инобатга олиниб тўйимли озуқалар билан боқиш катта аҳамиятга эга. Бунинг учун озуқа таркибига витаминли – минерал премикслари, аминокислоталар, ферментлар, пробиотиклар ва бошқалар озуқа қўшимчалари талаб этилган меёрларда қўшилади.

Ҳозирги кунда озуқаларнинг сифатини ва таркибини экспресс усулда аниқлаш учун лаборатория анжомлари мавжуд. “Агалик – Ломанн парранда” қўшма корхонасида 1996 йилдан бери Германиянинг “Меллер” технологик анжомларидан фойдаланилмоқда. Ҳозирги вақтда Украинанинг “ТЕХНА”, Германиянинг “Хелманн” ва “Салмет” компанияларининг технологик анжомлари саноат паррандачилигининг замонавий талабларига тўлиқ жавоб беради. Туркия, Эрон, Хитой давлатларида ишлаб чиқилган паррандачилик технологик анжомларига ҳам паррандачилар томонидан талаблар мавжуд. Бухоро вилоятида Озарбайджон давлати билан ҳамкорликда паррандаларга озуқа тайёрлаш заводи, Қибрайда паррандаларга премикслар тайёрлаш минизаводлари фаолият кўрсатмоқда. Тошкент вилоятидаги “Ишонч – Надежда” фермер хўжалиги ва Самарқанд вилоятидаги “Агалик – Ломан парранда” қўшма корхонаси Россиянинг Пятигорск шахридан яна 3 тадан комплект келтирилган замонавий инкубаторлар фаолият кўрсатиб турибди.

Касалликлар олдини олиш ва уларга қарши курашиш. Парранда юқумли касалликларини олдини олиш мақсадида вакцина ва антибиотиклар қўлланилади. Ўзбекистон шароитида хавфли хисобланган юқумли касалликлардан Псевдочума (Ньюкасл касаллиги), Инфекцион бронхит, Инфекцион ларинготрахеит, Марек ва Гамборо касалликлари, Чечак (оспа), Микоплазмоз ва Салмонеллёзларга қарши профилактик ишлар доимий равишда олиб борилади. Бу борада яна Тошкент вилоятидаги “Тошкент парранда” МЧЖ ва “Қибрай парранда” МЧЖ лар ҳамда Бухоро вилоятидаги “Бухоро паранда” ОАЖ ларда 1 тадан замонавий “Биочек”(Голландияда ишлаб чиқарилган, Европа давлатларининг 70 фоизи шу анжомлардан фойдаланишади) паррандачиликка ихтисослашган маҳсус ИФА (имунно-ферментный анализ) ташҳис этувчи ветеринария лабораториялари фаолият кўрсатмоқда. 2011 йилда “Самарқанд парранда” ҚК ва “Мароқанд парранда” МЧЖ ларда 1 тадан “Биочек” ташҳис этувчи ветеринария лаборатория анжомлари ўрнатилиб ишга туширилди. Жорий йилда Тошкент вилоятидаги “Ўртачирчиқ парранда” ОАЖ ва “ЮТМ парранда” МЧЖ ларда ҳам 2 та “Биочек” анжомлари ўрнатиш режалаштирилган.

Бир сўз билан айтганда, паррандачиликнинг ҳам аҳоли саломатлигига, ҳам иқтисодий томондан фойдаси катта. Шу боис бугун парранда гўшти етиштириш дунёда ҳам, мамлакатимизда ҳам жадаллик билан ривожланмоқда.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!