МИЛЛИЙЛИК МОДАГА ҚАЙТМОҚДА
Кўклам табиатнигина эмас инсонларнинг кўнглини, вужудини, ҳатто ташқи қиёфасини ҳам ўзгартиради, яшартиради. Илиқ ва майин ҳаво, дарахтларнинг яшилликка бурканаётгани, заминимиз яшил майсалар билан қопланаётгани, ялпиз ҳидлари димоққа ураётгани қушларнинг вижири –буларнинг барчаси инсон табиатига таъсир этмоқда. Кўнгилдаги хоҳиш, истаклар ҳам шуларга мосу хос равишда ўзгариб бораверади. Ташқи кўринишда ҳам бу гўзал ҳолатлар, рангларга мойиллик пайдо бўлади. Кўнгил яшаргани, яшнаганини ҳар куни, ҳар лаҳзада ҳис этиб яшаяпмиз.
Айниқса, аёллар баҳорда турфа ранглардаги либосларни кийишни исташади. Буни қарангки, ҳар йил либослар, уларнинг ранглари ҳам ўзгариб туради.
Энг қувончлиси, миллий матолар, адрасу атласларнинг бу йил кенг урф бўлганлигидир.
Бир неча йил олдин атлас, адрасдан тикилган кофта юбкалар, кўйлаклар модага кирган бўлса, бу йил шу миллий матолардан тикилган, қадимда момоларимиз кийган камзуллар, минсаклар, тўнлар уларнинг ўринларини эгаллади. Ўтган йили буларни саҳналарда – санъаткорларнинг эгниларида кўрган бўлсак, бу йил бу либослар оммалашди кексаю ёшнинг эгниларида турли бичимдаги, рангдаги кўркам миллий либосларни кўриб, кўзимиз қувнамоқда. Айниқса, қизлар, болажонлар, келинчакларнинг эгниларидаги кийимларни кўрсак, миллий либосларимиз қанчалик мўъжизакор эканлигига яна бир карра тан берамиз.
Ўйлаб қарасак, бу матолар, либосларнинг ранглари аслида табиатдан нусха олиб яратилган. Бу инсоннинг она – табиатга мойиллигининг яққол нишонаси эмасми?
Ҳа, инсон ҳамиша табиат билан уйғунликда яшайди, ўзгаради, ижод қилади.
Бу миллий либосларимизга хорижиликларнинг ҳам ҳаваси ортиб бормоқда. Юртимизга келган чет эллик сайёҳлар, меҳмонлар ўзлари билан бирга бизнинг матоларимиз, либосларимиз, уларга мос бетакрор безаклар –аксессуарларимиз, шуниндек, миллий калоритимиз сингдирилган сувенир- совғалар: қўғирчоқлар, турли ҳайкалчалар ва бошқа буюмларни харид қилиб олиб кетшимоқда. Демак, ўзбекона руҳ ўзга мамлакатларда ҳам ўз таъсирини, чиройини, кўркамлигини йўқотмайди.
Яқинда пойтахтдаги дўконлардан бирида бир ажнабий аёлнинг бир неча либослар ва бошқа совғалар олганига гувоҳ бўлдим.
-Бунчани нима қиласиз, деб сўрасам, у “Оиламиз аъзолари ва дўстларимга олдим, тикилиши ва ранглари менга жуда ёқди, ўйлайманки, улар ҳаммага манзур бўлади”, деб жавоб берди.
Кечагина нишонлаганимиз 8 март хотин-қизлар байрами куни аёллар жамланган қай бир даврага кирмайлик, турфа хил адрасу атласдан чиройли, бежирим либослар кийган онахонларимиз, опа-сингилларимизга қараб, кўзларимиз яшнаб кетди.
Салкам 70 ёшга кирган меҳнат фахрийси, кекса педагог Тамара Мусаева ҳам байрам кун адрасдан ўзига ярашиқли камзул кийган экан. Онахон билан миллий либосларимиз хусусида суҳбатлашиб қолдик.
-Ёшлигимизда, келинлигимизда атласдан кўйлаклар кийганимиз ёдимизда. Орада неча йиллар миллий либосларимиз эътибордан четда қолди. Уларни фақат қизларимиз Наврўз байрамларида, келинчаклар тўйда кийишарди. Энди-чи, бу кийимлар яна урфга кирди, энди уларни кексаю ёш кияяпти, чиндан ҳам ҳаммага ярашади. Мана, мен ҳам ўзимга муносиб рангидан танлаб, кийиб олдим. Миллий либосларимизга тенг келадигани йўқ-да ўзи.
Байрамга келган бир гуруҳ Зулфияхоним қизлари ҳам бирам чиройли хилларидан кийишибди, барчанинг кўзи уларда бўлди.
Ҳа, ўзбегимнинг минг бир хислатию фазилати шу либосларда ҳам ўзини намоён этиб турибди. Адрасу атласларнинг яна неча турларини, моҳир дизайнерлар яратган ва қўли гул чеварлар тиккан ажойиб миллий либосларни Наврўз айёми кунлари опа-сингилларимиз, қизларимизнинг эгниларида кўрдик.
Зебо Ҳайдарова