ФУТБОЛИМИЗ ҒУНЧАЛАРИ
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги қўшма чора-тадбирлар режасига асосан, “Соғлом она ва бола йили”да ўтказилиши режалаштирилган “Футбол ғунчаси” Ўзбекистон чемпионатининг ҳудудлардаги босқичи якунланиб, унга кўра ҳар бир вилоятдан сараланган жамоалар Гулистон шаҳридаги “Гулистон” марказий ўйингоҳида учрашдилар.
1-6 июнь кунлари бўлиб ўтган “Футбол ғунчаси” Ўзбекистон чемпионатида 12 та вилоят, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасидан 14 та жамоа қатнашди.
5 кун мобайнида қизғин ўтган матчларда Сирдарё вилояти жамоасига 1 ўрин, Фарғона вилояти жамоасига 2 ўрин, Тошкент вилояти жамоасига учинчи ўрин насиб этди.
Чемпионатнинг ёпилиш маросимида сўзга чиққан вилоят футбол федерацияси раиси ўринбосари С.Абдуғаффоров “Соғлом она ва бола йили”да ўтказилган ушбу мусобақаларнинг аҳамияти, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол вояга етишлари учун спортнинг муҳимлиги, шу билан биргаликда юртимизда спортнинг футбол турига берилаётган эътибор ҳақида гапирди.
Тадбир сўнгида ғолибларга ҳомий ташкилотларнинг эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар топширилди. Чемпионат кубогини Сирдарё вилояти жамоаси қабул қилиб олди.
– Болаларнинг ўйинга, ғалабага бўлган иштиёқини ҳисобга олиб, ўнга яқин номинациялар ғолибларини ҳам совғалар ва фахрий ёрлиқлар билан рағбатлантирдик, – дейди мусобақа ташкилотчиларидан бири, Гулистон шаҳар болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Қаҳрамон Юлдашев. – Бу борада, биз чемпионатнинг барча ҳомийларига, шу жумладан, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига ҳам ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Зебо Ҳайдарова