27-ИЮНЬ – МАТБУОТ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ХОДИМЛАРИ КУНИГА БАҒИШЛАНДИ
Гулистон шаҳрида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда журналистлар, Гулистон Давлат университети ўқитувчилари, вилоят ҳокимлиги вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Ж.Қосимов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида барча соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга етказиш, юртдошларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтиришда оммавий ахборот воситaлари муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантиришнинг халқаро андозаларга тўла мос келадиган мустаҳкам қонунчилик базаси шакллантирилган. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ўнга яқин қонунчилик ҳужжати оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва либераллаштириш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида миллий журналистикани янада равнақ топтириш юзасидан бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган. Ушбу Концепцияга мувофиқ оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий асослари, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатларига оид миллий қонунчилигимиз давр талабларига уйғун тарзда янада такомиллаштирилмоқда.
Вилоятимизда фаолият юритаётган Сирдарё вилояти телерадиокомпанияси, “Сирдарё ҳақиқати-Сирдарьинская правда”, “Ойдин йўл”, “Давр ёшлари”, “Саломатлик сандиғи” ва бошқа газеталар вилоятимиз ҳаётида рўй бераётган янгиликлар, Гулистон шаҳрининг кундан кунга замонавий қиёфа касб этаётганлиги, аҳолининг турмуш шароити фаровонлаб бораётганлиги ҳақида доимий ёритиб келишмоқда. Бу таҳририятларда фаолият юритаётган фидойи журналистлар эл аро ўз обрўсига эга, ўз ҳаётларини шу машаққатли касбга бахшида инсонлардир. Сўзга чиққан вилоят ҳокимлиги котибият мудири Фарҳод Боқиев бу ҳақда алоҳида таъкидлаб, вилоят ҳокими номидан барчани касб байрами билан табриклади. Шундан сўнг алоҳида фаоллик кўрсатган Матбуот ва ОАВ ходимларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва совғалари топширилди.
Тадбирда шунингдек, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси юзасидан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан амалга оширилаётган ишларни ёритишда фаол иштироки учун Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ахборот” дастури мухбири Комилжон Бобоев ва тасвирчиси Шуҳрат Абдувоитов, “Қишлоқ ҳаёти” газетаси мухбири Бозорбой Бекмуродов, “Спорт” телеканали мухбири Нодир Норқулов, “Сирдарё ҳақиқати” газетаси бўлим мудири Мамадали Аҳмедовларга вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Тадбир бир пиёла чой устида давом этди.
Зебо Ҳайдарова.