Click to listen highlighted text!

ИҚТИДОРЛИ БОЛАЛАР – ЮРТИМИЗ ЭРТАСИ

              Мустақиллик  йилларида ёш авлоднинг интеллектуал ривожланиши,  маънавий ва жисмоний камолоти йўлида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда.  Таълим тизимининг тўлиқ ислоҳ қилиниши, бугунги фарзандларимиз таълим-тарбия олаётган ўқув даргоҳларининг замонавий ўқув қуроллари ва техникалари билан таъминланганлиги, болаларимизнинг ўз иқтидорларини намойиш этишлари учун барча шарт-шароитлар яратилганлиги эътирофга лойиқдир. Шу билан бирга ёз мавсумида қобилиятли ўғил-қизларимизни бепул соғломлаштиришнинг йўлга қўйилиши ёшларнинг билимга бўлган рағбатини янада оширади.  Бугун юртимиз ўғил-қизларини татил чоғида дам олдириш ва соғломлаштиришни таъминлашга давлат ва нодавлат, нотижорат ташкилотлари  ҳамкорликда иш олиб бормоқдалар. Хусусан, бу борада касаба уюшмаларининг роли ва ўрни беқиёсдир. Ҳар йили Тошкент вилоятининг сўлим гўшасида жойлашган “Қуёшли” оромгоҳида барча ҳудудлардан Республика миқёсида “Билимлар беллашуви” ҳамда фан олимпиадалари ғолиблари бўлган 500 нафар иқтидорли ўғил-қиз касаба уюшмалари томонидан бепул соғломлаштирилади. Албатта, ушбу қобилиятли болалар орасида сирдарёлик ёш истеъдод соҳиблари ҳам бор.

                 Бу йил ҳам ушбу анъана давом этиб, бизнинг ҳудудимиздан ҳам Республика Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳида вилоят халқ таълими томонидан рўйхати шакллантирилган 50 нафар,  (икки сменада 25 нафардан) иқтидорли ўғил-қиз ҳордиқ чиқардилар.

         – Ушбу оромгоҳда биз учун барча шароитлар яратилиб, турли фанлар йўналишлари бўйича маҳорат дарслари, ижодий ўқув машғулотлари, викториналар, танловлар, мусобақалар, назм ва наво кечалари ташкил этилди, – дейди вилоят хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернати 7-синф ўқувчиси М.Рўзибоева. –Шунингдек, биз эл севган санъаткорлар ҳамда олимлар, ёзувчилар билан учрашдик, суҳбатлашдик. Улар томонидан ўтказилган маҳорат дарслари бизда катта тассуротлар қолдирди. Менга айниқса, “Ўзбекистон-бахтиёр болалар мамлакати” шиори остида ўтказилган байрам тадбирлари жуда ёқди.  Асосийси, янги дўстлар орттирдим. Янги ўқув йилида яна куч-ғайрат билан ўқиб, республика олимпиадаларида фахрли ўринларни эгаллашга ҳаракат қиламан.

 

Зебо Ҳайдарова.

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!