БАЙРАМ МУБОРАК, АЗИЗ ЮРТДОШЛАР!
Бундан 25 йил илгари Республикамиз мустақилликни қўлга киритди ва дунё харитасида янги мустақил суверен давлат пайдо бўлди. Бугунги кунда барча қўлга киритилган улкан бахт хамда имкониятлар мустақиллик сабабли рўёбга чиқди, Ватанимиз ўз мустақил тараққиёт йўлини босиб ўтган бу йиллар ўзининг муваффақиятлари билан самарали йиллар бўлди.
Бугунги Ўзбекистон демократик янгиланиш ва тараққиёт йўлида ўзининг буюк келажаги сари дадил одимлаётган, куч-қудрати, иқтисодий салоҳияти йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётган, дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, бу улуғ нуфузга янада нуфуз қўшаётган, халқининг фаровон ва тинч-тотув ҳаётини таъминлашга, фарзандларини миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга, замонавий илм-фан ютуқларидан баҳраманд этишга қодир, истиқболини янги баркамол авлоднинг маънавий-аҳлоқий камолида кўраётган давлатдир.
Истиқлол йилларида юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва турмуш даражасини яхшилаш, инсон манфаатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшлар бандлигига кўмаклашиш, уларнинг иқтидорларини рўёбга чиқариш, изланувчан, ташаббускор, ғайратли ёшларни кашф этиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида Рио-де Жанейрода бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон терма жамоасининг муносиб иштирок этгани, 4 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза медаллари шодасини байрамга армуғон этишгани мамлакатимизда ички сиёсатнинг нақадар тўғри эканлигидан далолатдир.
Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида узоқни кўзлаб олиб борилаётган одилона сиёсат, бугун ҳар биримизнинг кундалик ҳаётимизда яққол намоён бўлаётганлиги, одамлар фаровонлигини юксалтириш, турмуш даражасини яхшилашдан иборат эканлигини барчамиз яхши биламиз.
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида кенг кўламли ислоҳотларнинг бош мақсади -инсон манфаатларидир.
Бу борада “Инсон манфаатлари-олий қадрият” шиори остида фаолият юритаётган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, шу жумладан вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан амалга оширилаётган эзгу ишлар давлатимиз сиёсатига ҳамоҳангдир.
Ана шундай обод ва фаровон, тинч ва осуда мамлакатда ҳар бир ўтган кунимизга шукроналар келтирайлик ва ватан тараққиётига ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшайлик!
Мустақиллигимизнинг қутлуғ 25 ёши барчангизга муборак, азиз ҳамюртлар!
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси