Click to listen highlighted text!

ҚАЛБИ ДАРЁ ШИФОКОР

       Ўшанда 1973 йиллар  эди. Сирдарё педагогика институти ( ҳозирги ГУЛДУ) да  “Математика факультетининг ўқитувчиси Чўли Мирзаевнинг оиласи автоҳалокатга  учрабди” деган шум  хабар   бутун  олийгоҳга тарқалди. Шифокорлар автоҳалокатдан қаттиқ шикастланган домланинг рафиқаси, истеъдодли ўқитувчи Муборак Мирзаева нинг  ҳаётини  сақлаб қололмадилар.  Шум тақдир бир кунда тўрт   фарзандни онасидан  жудо қилди. Тўрт  фарзанд онамлаб  бўзлаб қолаверди.  Уларнинг каттаси, эсини танигани  Маҳбуба ўшанда олти ёшда эди. Онасининг ўлими қизчанинг юрагига қаттиқ  жароҳат  етказди.  Ҳаракатчан қиз ана шу  фожиа сабабми “Келажакда мен албатта шифокор бўламан. Бирор  онанинг бемарид  ўлимига йўл бермайман” деб  аҳд қилди.   1984 йилда Сирдарё  шаҳридаги 6- умумтаълим  мактабини тамомлаган Маҳбуба Мирзаева шу йили Ўрта Осиё  педиатрия институтининг педиатрия факультетига ўқишга кирди. Талабалик йилларида    чуқур билим  олиб, амалиётларда фаол қатнашиб,бор эътиборини касб сирларини пухта эгаллашга  сарфлади.

    Олийгоҳни тамомлаб  дастлабки иш  фаолиятини Гулистон шаҳридаги болалар шифохонасида бошлади. Кейинчалик изланувчан, куйди- пишди шифокорни Ширин шаҳар марказий шифохонасининг педиатрия -болалар  бўлимига   ишга юборишди. Бу ерда у аввал даволовчи шифокор , кейинчалик педиатрия бўлимининг  мудири вазифасида фаолият  кўрсатди.  Ҳузурига келган юзлаб болаларни даволаб, уларни ҳаётга қайтарди. Шифокор учун аслида одамлар  саломатлиги,  болалар қувончидан  ортиқ  бахт йўқ.   Одамларнинг “Умрингдан барака  топ, Сени тарбиялаб, ўстирган отангга минг раҳмат”деган алқови, миннатдорчиликлари Маҳбуба учун ҳар  қандай мукофотдан афзал.  Аммо шифокор  ўз устида доимо изланиши, тиббиётдаги энг сўнгги янгиликдардан хабардор  бўлиши, уларни амалиётда  қўллаши лозимлигини ҳам Маҳбуба  Мирзаева  яхши тушунади.Бўш  вақт топди дегунча тиббиётга оид газета ва  журналлар, китобларни ўқиб, ўрганади.

    Ана  шу ҳаракатчанлиги  боис уни  вилоят  юқумли касалликлар шифохонасига ишга таклиф этишди. Маҳбуба Мирзаева  2007 йилдан  2010 йилгача  шифохонанинг жонлантириш бўлимида   елиб- югуриб, жонкуярлик билан меҳнат қилди. Ҳаёти қил устида турган одамларга қайта ҳаёт  бахш этиб, уларни жонажон оиласига бағрига қайтарди.

   Мана қарийиб олти йилдирки, у шифохонанинг гепатология бўлимини моҳирлик  билан бошқариб, жигар циррози  дардига чалинган, сурункали гепатитнинг энг оғир-  В. С, ,Д формасини юқтириб олган беморларни  даволаб келаяпти. Оғир  дардга чалинган беморларнинг  дардига даво топиб, саломатлигини тиклаш шифокордан катта маҳорат,  тажриба,  фидойилик  ва яна бағрикенгликни  талаб этади. Маҳбуба Мирзаева касалликдан  азоб чекаётган   беморнинг аввало руҳини кўтаришга, соғайиб  кетиши учун ўзида ишонч  пайдо қилишга  ҳаракат қилади. Уларга   доимо парҳезга  амал қилиш, асабларини асраш, спиртли ичимликлар ичмасликни қайта- қайта уқтиради.”Шу уч  омилга  амал қилиб, даволанишни бехато олиб борсангиз  соғайиб, албатта ҳеч нарса кўрмагандек бўлиб кетасиз” деб  жон озиқли сўзлари билан уларнинг кўнгилларини кўтаради.   Иши, ташвишлари бошидан ортиб  ётган    пайтларда ҳам уларнинг уйларига бориб ҳолидан хабар олади, тўй- маъракаларида яқин қариндошидек иштирок этиб, энг яхши эзгу  тилакларини изҳор этади.

    Икки касб эгаси- ўқитувчи ва  шифокор бир  кун изланмаса бошқалардан орқада қолади, изланишни ўн кун  тўхтатиб қўйса иқтидори ўтмаслашади. Касби ўта фидоийлик талаб этишини тушунган Маҳбуба Мирзаева ҳар куни  изланиш, тажрибасини бойитишдан  чарчамайди. Юқумли касалликларнинг келиб чиқиш сабабларини пухта  аниқлаш, уни даволаш  сирларини мукаммал ўрганиш мақсадида 2011 йилда Тошкент  Вирусология тиббиёт илмий тадқиқот институтида қайта тайёрлаш курсини ўтади. 2012 йилда Корея  давлатининг Сеул  шаҳридаги Янсе университетида шу йўланиш  бўйича магистратурани  тамомлади.  Эндиликда   вилоятнинг  бошқа шифохоналаридан ёш врачлар бу ерга тез- тез келиб, унинг  тажрибасини ўрганишади, маҳоратли шифокордан  маслаҳат, тегишли йўл- йўриқлар олиб  туришади. У бошқаларга  тажрибасини ўргатиш, улар билан фикрлари,  қарашларини  ўртоқлашидан   чарчамайди. Қайтамига ёш ҳамкасбларининг интилишлари, касбига фидойиликларини кўриб севинади. ва ҳаётда шу касбни танлаб хато қилмаганлигига амин  бўлади.

   Мустақиллик  йилларида  соғликни сақлаш тизимида кенг кўламдаги ислоҳотларнинг амалга оширилиб, тиббиёт муассаларининг энг замонавий ускуна  ва  жиҳозлар  билан таъминланиб,  энг  оғир беморларни ҳам вилоятларнинг   ўзида даволаш учун  катта имкониятлар яратиб берилаётганлиги   шифокорлар ишини малакали олиб боришида муҳим  аҳамият касб этаётир. Чунончи,  авваллари кўримсизгина бўлган кўп тармоқли юқумли касалликлар   шифохонаси  ҳам   2013 йилда қайтадан мукаммал  таъмирланиб  замонавий  касалхонага айлантирилди. Даволаш хоналари энг замонавий тиббиёт аппаратлари  билан  жиҳозланди.  20 ўринли гепатология бўлими  эса  янгитдан  барпо этилди.Ҳозирда тиббиётда рўёбга чиқарилган ислоҳотлар самарасида беморнинг қонини чуқур таҳлилдан  ўтказиш, ички организмлар, жумладан, жигар  ҳолатини текшириб, кузатиш ҳам  шу ернинг ўзида замонавий  аппаратларда амалга оширилмоқда. Бу эса  шифохонага  келган беморларнинг 95 -97  фоизи соғайиб, дардидан халос бўлишини  таъмин этаётир.

   Жигар циррози, сурункали гепатитнинг В. С. Д формалари билан оғриб, шифохонада  М. Мирзаева қўлида    даволанганлар   жуда кўпчиликни ташкил қилади. Улар ўз халоскорлари Маҳбуба Мирзаеванинг номини алоҳида ҳурмат ва эъзоз билан тилга олишади.

    -Мен икки йилдан бери жигар циррози касаллигидан    азоб чекаётгандим, -дейди Сирдарё  тумани   Соҳил қишлоғида яшовчи Фарҳод Исаров.-   Кўп тармоқли вилоят  юқумли касалликлар  шифохонасида Маҳбуба Мирзаеванинг қабулига келиб дардимга даво  топдим. У малакали даволаш усули, ширин сўзлари билан дардимни чекинтириб, мени ҳаётга қайтарди.  Шифокор парҳезга қаттиқ риоя қилиш, асабларни асраш, оғир ишларга  қўл уриб қўймасликни такрор-  такрор уқтирадилар. Қарс икки қўлдан чиқади, дейди лар.Шундай экан, ўзини авайлаб, врач  тавсиясига амал қилган бемор  касалликка қайта чалинмаслигига  юз фоиз ишонаман.

    -Мен етти йилдан бери сурункали гепатитдан азоб чекиб,Маҳбубахоннинг  қўлида       даволанаман,-  дейди Гулистон  шаҳрида яшовчи уй  бекаси Гулетар Шомуродова.  -Маҳубахон беморларга ўз жигарига қарагандек қарайди. Касаллик чекиниб, бемордан аримагунча   бошида парвона бўлади. Бундай фидойилик, жасорат   ҳар  кимга  насиб этавермайдиган хислат. Илоҳим, бахтимизга тани -жони  соғ бўлиб, эзгу ниятларига етсин.

    Шифохонанинг Ўрозали Боқиев, Қаҳрамон  Маматқулов, Акром  Азизқулов, Муҳаммад  Бердиев  каби тажрибали шифокор, Малика  Дўсчонова, Холбуви Нуралиева, Мавлуда Мирзабекова , Жумагул  Ортиқова сингари фидойи ҳамширалари Маҳбуба Мирзаеванинг ишончли, жонкуяр маслакдошлари. Улар шифохонада қўлни қўлга бериб сидқидилдан меҳнат қилаётганликлари туфайли  юзлаб беморлар  дардига даво топиб, бахтли ҳаёт гаштини суришаётир.

    Маҳбуба Мирзаева  малакали шифокор бўлиш  билан  бирга бахтли оила бекаси ҳам. Турмуш йўлдоши -милиция майори  Бахтиёр  Бойжигитов ички ишлар  тизимида хизмат қилади . Уларнинг 4  нафар фарзанди  бор. Ўғил- қизлари ҳам эл  корига ярайдиган комил инсонлар  бўлиб  камол топмоқда. Катта ўғли Беҳзод Гулистон давлат  университети талабаси. Иккинчи ўғли Бунёджон бу йил Тошкент  давлат ҳуқуқшунослик университетига  ўқишга кирди. У ҳам  келажакда отаси каби ҳуқуқ-  тартибот  ходими бўлишни эзгу ният  қилиб қўйган. Кичик фарзандлари Жасурбек  ва  Азизалар мактабда таълим – тарбия олишмоқда.

     Зеро,юртимизда  Маҳбуба  Мирзаевадек фидойи шифокорлар   бор экан, элда омонлик бўлишига шак- шубҳа йўқ.

 

 

                                Зебо Ҳайдарова

Print Friendly, PDF & Email
Click to listen highlighted text!